Бу амалга ошди! «Реал» 2016/17 йилги мавсумдан кейин илк бор Испания Ла Лигаси чемпионлигини қўлга киритди. «Қаймоқранглилар» мавсумни барқарор ўтказди, карантинга азалий рақиби – инқирозга дучор бўлган «Барселона»дан икки очкога ортда қолган ҳолда чиқди. Аммо карантиндан сўнг мадридликлар том маънода ўзгача ўйин намойиш этди ва мамлакат биринчилиги доирасида ўтказилган 10 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. «Барселона»да эса барқарорлик борасида кетма-кет муаммолар кузатилди ва ҳақли равишда чемпионлик пойгасида имкониятни бой бериб қўйди.

Тўғри, «Реал» ғалаба қозонган ўйинларда ҳакамлик борасида ҳам баъзи саволлар туғилди, аммо Мадрид клубининг ўз рақибларидан анчагина устунлик қилганини инкор этиш мушкул. Ҳатто «Реал»нинг принципиал рақибларидан саналмиш «Атлетико» футболчиси Сауль ҳам «қироллик клуби»нинг ғалабасини муносиб баҳолаб, шундай деди: «Улар жуда яхши савияда ўйнамоқда. Агар VAR’дан фойдаланган ҳолда кўп миқдордаги пенальти белгиланаётган бўлса, демак улар рақибга яхшигина босим ўтказган, кўпроқ ҳужум қилган».

Ушбу ғалабага жамоанинг барча ўйинчилари озми, кўпми ўз ҳиссасини қўшди. Ҳатто жароҳати туфайли деярли бутун мавсумни ўтказиб юборган Эден Азар ҳам ўз номига 1 та гол ва 4 та голли узатмани ёздириб қўйди.

Қуйида «Реал»нинг Ла Лигадаги ғалабасига улкан ҳисса қўшган асосий ижодкорлар тўғрисида фикр юритилади.

Тибо Куртуа

Фото: Getty Images

Мадриддаги илк мавсумида бельгиялик посбон аёвсиз танқид қилинди: бир қанча хатолардан сўнг «Реал»нинг кўп сонли мухлислари Куртуани ҳисобдан чиқаришга ҳам улгурганди. Оёқлари орасидан ўтказиб юборилган голлар учун эса уни ҳатто ҳақорат қилганлар ҳам топилди. Аксарият мутахассислар бундай муваффақиятсизликдан сўнг Тибонинг аввалги даражасига қайтмаслигини тахмин қилганди, бироқ голкипер характер кўрсата олди ва ажойиб мавсумни ўтказди.

Куртуа ниҳоят Ла Лигада Ян Облакниг тўрт йиллик гегемониясига чек қўйиб, Ла Лигада энг яхши дарвозабон учун бериладиган мукофотни олишга эришди. Бельгиялик дарвозабон ушбу мавсумда 18 та «қуруқ» ўйин ўтказган ва 33 та ўйинда ўз дарвозасидан 21 та тўп олиб чиққан.

Афтидан, Тибо дунёнинг энг яхши дарвозабонлари сафига қайтди. Ҳозирда у ўзи орзу қилган клубда ўйнамоқда. Ва энди у катта эҳтимол билан 2018/19 йилги мавсумдаги даҳшатли формасига қайтмаса керак.

Серхио Рамос

Фото: Getty Images

Ўзининг 34 ёшида ҳам Рамос миллионлар ўйинининг мухлис-у мутахассисларини ҳайратга солишда давом этмоқда. У нафақат ўзининг ҳимоядаги вазифаларини аъло даражада бажаради, балки, гол уриш борасида ҳам унча-мунча ҳужумчига дарс бериб қўйиши мумкин. Фақатгина Бензема жорий мавсумда Серхиога қараганда, кўпроқ гол урди. Рамос бу мавсумда ўз номига 12 та гол ёздириб қўйди, чемпионат қайта бошлаганидан сўнг эса 9 та ўйинда 6 та гол уришга муваффақ бўлди.

Тўғри, Серхио голларининг кўпини пенальтидан уради, аммо унинг пенальтиси – ҳақиқий санъат асаридир. Рамоснинг асаблари эса пўлатдан, у ҳар доим дарвозабон ҳаракатини кутади ва шундан сўнггина бўш бурчакни нишонга олади. «Атлетик»га қарши ўйинда Рамос ўзининг кетма-кет 20-пенальтисини голга айлантирди. У охирги марта 2018 йилда 11 метрлик зарбани тепишда хатога йўл қўйган.

Испаниялик футболчининг жисмоний ҳолати ҳам таҳсинга лойиқ. Серхио собиқ жамоадоши Криштиану Роналдудан

илҳомланган, шу боис ҳозир унинг жисмоний ҳолати Кришникидан қолишмайди. Серхио Ла Лига тарихидаги энг яхши тўпурар ҳимоячи саналади ва Ла Лигада 500 та ўйин ўтказишга ҳам яқин турибди. Серхио Испания чемпионатида 622 та ўйин ўтказган Андони Субисарретанинг рекордини такрорлаши мумкин. Ким ҳам айтарди уни бу рекордни янгилашга муносиб эмас деб?

Фото: Getty Images

Тони Кроос

Германиялик футболчи «Реал» каби ўтган мавсумни жуда ёмон ўтказди, аммо Ла Лиганинг жорий мавсумида у ўзининг барча яхши хислатларини намойиш этмоқда. Тони бу мавсумда Модричга нисбатан афзалроқ кўрилди (Каземиро ва Вальверденинг бошланғич таркибдан жой олишига эса ҳеч қандай шубҳа йўқ). Кроос ўзининг асосий қуроли – узоқ масофага узатадиган диагонал пасларидан яхшироқ фойдаланиш учун чуқурроқ ўйнашни афзал кўради. Ушбу мавсумда у узоқ масофадан аниқ пас бериш бўйича Ла Лигада энг яхши ўйинчи ҳисобланади, кучли бешлик лигаларида эса фақат Пауло Дибаладан ортда қолмоқда.

Крооснинг ушбу мавсумдаги самарали ўйинининг муҳим омили шундаки, Зидан ундан кўпроқ зарба беришни сўради. Натижани эса узоқ кутишга ҳожат қолмади: Тони клуб миқёсидаги барча мусобақаларда 6 та гол урди 8 та голли узатмани амалга оширди. Натижада, самарали ҳаракатлар сони бўйича Кроос ушбу мавсумда фақатгина Бенземадан ортда қолди.

Крооснинг жорий мавсумдаги асосий ишларидан бири «Эл-Классико»да Винисиусга голли узатмани етказиб берганидир. Тони бразилиялик футболчига қаерга югуриши кераклигача кўрсатиб, ажойиб пасни амалга оширди. Винисиусга эса фақат яқин бурчакни нишонга олиш қолди, холос.

Кроос «Реал»дан кетмоқчи эмас ва фаолиятини Мадрид клубида тугатмоқчи эканини тан олди. Агар бу рўй берса, у Мадрид клуби афсоналар рўйхатидан жой олишига ҳеч кимда шубҳа йўқ.

Каземиро

Фото: Getty Images

Каземиро – «Реал»нинг кўплаб мавсумларида юқори даражада ўйнайдиган кам сонли футболчиларидан бири ҳисобланади. Бу мавсум ҳам бразилиялик футболчи учун истисно бўлмади.

Каземиро Зиданнинг шаклланган жамоасида асосий роллардан бирини ижро этади. Франциялик мутахассис бир неча бор агар «Реал» Канте ёки бирор бир бошқа етук ярим ҳимоячини сотиб олса ҳам, Каземиронинг таркибдаги ўрни сўроқ остида қолмаслигини айтган. Бразилиялик жамоада жуда катта миқдордаги «қора» ишни бажаради, ҳимоячиларни мукаммал равишда суғурталайди, шунингдек, тўп олиб қўйиш борасида ҳам Ла Лигада энг яхши кўрсаткичга эга. Каземиронинг контакт курашлардаги ва ўйинни тўғри баҳолашдаги фаол ҳаракатлари билан «Реал»нинг асосий ўйинчиларидан бири бўлмоқда.

Каземиронинг ҳужумкор хислатлари ҳам ҳеч қаерга кетгани йўқ. У тўпни ўзида яхши ушлаб тура олади. Шу билан бирга ажойиб тўп узатиш қобилиятига ҳам эга.

Каземиро – камчиликларини аниқ кўрсатиб бўлмайдиган ўйинчилар сирасига киради. Шунинг учун ҳам Зидан уни қадрлашидан ажабланмаса ҳам бўлади. Каземиронинг ўзи эса Зидан унинг кумири эканини таъкидлайди, шундай экан, бу тандемнинг яқин орада ажралиши даргумон.

Федирико Вальверде

Фото: Getty Images

«Реал»нинг ўзига хос севимли машғулоти бор, яъни келажаги порлоқ бўлган ёш бразилиялик футболчиларни сотиб олиш. Винисиус иккинчи мавсум Мадрид клубининг асосий жамоасида ўйнаётган бўлса, шу мавсумдан бошлаб Родриго ҳам аста-секин асосий жамоа ўйинига қўшила бошлади.

Аммо катта миқдордаги пул сарфланган бразилияликларнинг ҳеч бири ҳозирча «қироллик клуби» мухлисларининг ишончини оқлашга яқин ҳам келгани йўқ. Аммо Жанубий Американинг яна бир ёш вакили, уругвайлик Федерико Вальверде эса бошқа мавзу. «Реал» уни 2016 йилда атиги 5 миллион евро эвазига сотиб олганди. Ушбу мавсумда эса у том маънодаги мавсум кашфиёти бўлди. Бунинг учун «Реал» мухлислари Зидандан миннатдор бўлиши керак. Зизу унга мавсумлар оралиғида имкониятлар бериб кўрди, Вальверде эса бундан фойдаланиб, бошланғич таркибдан жой олишга муваффақ бўлди.

Мадридлик мухлислар Вальвердени «икки юракли одам» деб атайди. Дарҳақиқат, Феде майдонда ажойиб ишларни амалга оширади. У «Реал»нинг энг чидамли ўйинчиси ҳисобланади. Ўйиннинг илк ва сўнгги дақиқаларида ҳам бир хилда фаоллик кўрсатади.

Вальверде келгунига қадар рақиб ҳужумини бузиш билан фақат Каземиро шуғулланарди. У келгач эса бу вазифа иккига бўлинди. Айнан Вальверде кимсан «Олтин тўп» соҳиби Лука Модрични захира ўриндиғига «михлаб» қўйди.

Уругвайлик футболчининг ҳужумдаги асосий устунлиги – бўш зоналарни излаб топиш қобилиятидир. Зидан Федерикони майдонда бирон бир аниқ позиция билан чекламайди, шунинг учун у ҳар доим бўш зоналарга интилаверади.

Ҳимояда ҳам Вальверденинг имкониятлари ҳужумдагидан кам эмас. Тезлик ва юқори даражадаги самарадорлик Вальвердега қисқа вақт ичида ҳужумдан ҳимояга ва аксинча, ҳимоядан тезкор ҳужумларга ўтишда ёрдам беради.

Вальверде аллақачон Испания ташқарисида ҳам синчковлик билан кузатилмоқда. Маълумки, «Манчестер Юнайтед» уни сотиб олиш ниятида таклиф билан ҳам чиққан, аммо мадридликлар уни фақатгина 500 миллион евро эвазига сотишини айтган. Ушбу юқори трансфер нархи билан «Реал» бошқа клубларга Вальверденинг сотилмаслигини билдириб қўйган.

Карим Бензема

Фото: Getty Images

Карим Бензема шахси ҳақида жуда кўп гапириш мумкин ва у ҳақида ҳамманинг фикри турлича. Бироқ Каримни XXI асрнинг энг кам қадрланган ҳужумчилари рўйхатига киритиш мумкин. Карим деярли имконсиз ишни бажарди – ўн йил давомида Криштиану Роналдунинг соясида юрди ва шу билан бирга бу ҳақда ҳеч қаерда ва ҳеч кимга ҳеч қандай эътироз билдирмади.

Криштиану кетиши билан Бенземанинг кўрсаткичларни сезиларли даражада ошди: у 2018/19 йилги мавсумни Ла Лигада 21 та гол билан якунлаган бўлса, жорий мавсумда ҳам 21 та гол уришга муваффақ бўлди.

Тўғри, Каримни юқори кўрсаткичлар қайд этмасликда айблаш мумкин, аммо шуни ёдда тутиш керакки, у «Реал»нинг стандартларини мунтазам бажарувчи ҳисобланмайди. Ушбу мавсумда Бенземада 21 та гол ва 11 та ассист мавжуд. Гол+пас кўрсаткичи бўйича фақат Лионель Мессигина ундан олдинда. Аргентиналик ҳужумчининг ҳисобида 23 та гол ва 20 та ассист бор. Агар «ўзга сайёралик» Лео бўлмаганида, Ла Лигада мавсумнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган мукофот катта эҳтимол билан Каримга топширилган бўларди.

Ҳозирда Бенземада шикоят қиладиган нарса йўқ. У «Реал» тарихидаги бешинчи тўпурар ва Зиданнинг тизимидаги асосий ўйинчи ҳисобланади. Аммо, барибир Каримнинг фаолияти бироз ачинарли. Боиси у ўзи муносиб бўлган эътирофни кўрмаган.

Зинедин Зидан

Фото: Getty Images

Зиданнинг «Реал»га иккинчи марта келиши шубҳалар билан кутиб олинди. Кўпчилик унинг яхши натижа кўрсатишига яққол шубҳа билан қаради, аммо франциялик футбол даҳоси уни эрта ҳисобдан чиқаришганини исботлади.

Биринчи тўлиқ мавсумида Зидан 2016/17 йилги мавсумдан кейин илк марта Ла Лигада ғалаба қозонди. У Лопатеги ва Solaри даврида содир бўлган барча кўнгилсизликларни даф қилишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, Зидан Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлган таркибнинг деярли барчасини (Криштианудан ташқари) сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Эден Азарга ҳам катта умидлар боғланганди, аммо бельгиялик форвард жароҳати сабаб жамоага ёрдам бера олмади.

Зидан ўз мавқейини Азарсиз ҳам намойиш эта олди. У Вальверденинг ёрдами билан майдон марказини мустаҳкамлади ва барча қария футболчиларни уйғота олди. Натижада, инқирозга учраган «Барселона» ва «Атлетико» фонида «Реал» бутун мавсум давомида ғалабага муносиброқдек кўринди.

Зиданнинг бу мавсумдаги асосий тактик схемаси 4-3-3 бўлди. Жамоада мотор вазифасини Каземиро бажариб берди. Шу тариқа Зидан мобил ҳимоя маркази, кўп қиррали ярим ҳимоя ва ўзгарувчан қанотлар ёрдамида тўлиқ шаклланган жамоани барпо эта олди.

Зидан жамоасининг яққол кўзга ташланадиган ягона камчилиги бу – паст самарадорликдир. Бензема энди ёш эмас ва умуман, у ҳеч қачон юқори даражадаги самарадорлиги билан ажралиб турмаган. Винисиус эса ҳали жуда ёш ва тажрибасиз. Айнан Эден Азар ушбу муаммодан фориғ бўлиш учун сотиб олинганди, аммо у деярли бутун мавсумни жароҳати туфайли ўтказиб юборди ва унинг эндиликда ҳам ўзини «Челси»даги каби намойиш этишига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Зидан ўзи учун яхши позиция танлай олди: 2018 йилда чўққидалигида кетишга қарор қилди, аммо Флорентино Перес Зидансиз «Реал»га қийин бўлишини тезда англади ва уни ортга қайтарди. Ҳа, Зидан ортга қайтди, бироқ у жамоага биринчи марта келганидан кўра кўпроқ таъсирга эга бўлиб қайтди. Энди унда ажойиб бюджет, жуда катта маош ва раҳбарият ишончи бор.

Кейинги мавсумда «Реал» Зидан бошчилигида яна 3 та йирик соврин учун курашиши аниқ, аммо «қаймоқранглилар»нинг «Манчестер Сити»га қарши Чемпионлар Лигасида тўқнаш келишини ҳам унутмаслик лозим. «Манчестер Сити» жавоб учрашуви олдидан ажойиб имкониятга эга, аммо «Реал» карантиндан кейин жуда яхши ҳолатда, шу боис Зидан Гвардиолага яхшигина жанг таклиф қилиши шубҳасиз.

Бонус тариқасида эса «Реал» мухлислари учун Мадрид клубининг уч йил кутилган чемпионлик онларидан олинган энг сара фотосуратлар тақдим этилади.

Фото: «Чемпионат»

Фото: «Чемпионат»

Гарет Бэйл ва Зидан муносабатлари ёмонлашгани айтилди.

Фото: «Чемпионат»

Фото: «Чемпионат»

Мадриднинг икки қояси

Фото: «Чемпионат»

Фото: «Чемпионат»

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Фото: Twitter