Дортмунднинг «Боруссия» клуби «Бирмингем Сити»нинг 17 ёшли футболчиси Жуд Беллингем билан шартнома имзолади. Бу ҳақда немис клуби расмий сайтида маълум қилинди.
Transfermarkt хабарига кўра, трансфер 23 миллион еврога баҳоланган. «Арилар» ёш иқтидор эгаси билан узоқ йиллик шартнома имзолаган.
«Етти ёшимдан бери мени тарбиялаган «Бирмингем Сити»га қанча раҳмат айтсам ҳам кам. Эндиликда Европанинг энг йирик клубларидан бирига қўшилганимдан хурсандман», — дейди футболчи.
Беллингем янги жамоасида 22-рақам остида тўп суради.
Клуб футболчини The Beatles гуруҳининг «Hey Jude» қўшиғи фонида таништирди. Қўшиқни «Боруссия» футболчилари ижро этган.
Ярим ҳимоячи «Бирмингем» сафида 2019 йилнинг августида дебют қилганди. 2019/20 йилги мавсумда футболчи жамоаси сафида 43 ўйин ўтказиб, 4 та гол ва учта голли узатма муаллифига айланди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)