БААнинг «Умид» номли космик зонди Япониянинг H-IIA ракета-ташувчиси ёрдамида Танэгасима оролидаги космодромдан Марсга учирилди. Ракетани учириш жараёни Twitter орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинди.

Фото: Twitter / HopeMarsMission

Ракета Тошкент вақти билан 20 июль соат 02:58 да учирилган.

Маълумотларга кўра, «Умид» зонди 15 июль куни учирилиши керак бўлган, бироқ ноқулай об-ҳаво шароитлари сабаб қолдирилган эди. Хусусан, Японияда бир ҳафтадан ортиқроқ вақт давомида кучли ёғингарчилик содир бўлган.

Космик зонд араб олимлари ва муҳандислари томонидан яратилган бўлиб, унга иккита қуёш батареялари, кўп каналли камералар, шунингдек, инфрақизил ва ультрабинафша спектрометрлар ўрнатилган.

Зонд Марс атмосферасининг юқори қатламларини тадқиқ этади, шунингдек, сайёра атрофида айланиб, ундаги иқлим ўзгаришини кузатади. Ҳисоб-китобларга кўра, зонд Марсга 2021 йилнинг февралида — БААнинг давлат сифатида ташкил этилганига 50 йил тўлиши муносабати билан нишонланадиган байрам арафасида етиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Ой ва Марсга учиши керак бўлган SpaceX ракетасининг апрель ва май ойларидаги синовлари муваффақиятсиз якунланган эди.