«Тоттенҳэм» ҳимоячиси Серж Орьенинг укаси Кристофер Орьени ўлдирган шахс ўз жиноятни тан олди, дея хабар бермоқда France Bleu.
Қотиллик 13 июль, душанба куни тонгда Тулузадаги тунги клуб ёнида содир бўлган. Орье қорнидаги жароҳат билан топилган, ёнида эса қурол бўлган. Шундан сўнг у касалхонага олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмаган.
Манбага кўра, 14 июль, сешанба куни жиноятчининг ўзи полиция маҳкамасига келиб, қотилликни тан олган. Ҳозирда у ҳибсга олинган.
Маълумот учун, Кристофер Орье акаси сингари, футболчи эди. У Франциянинг 5-дивизионида тўп сурарди.
Серж Орье эса 2017 йилнинг ёзида ПСЖдан лондонликлар сафига келиб қўшилганди. Унинг «Тоттенҳэм» билан амалдаги шартномаси 2022 йилга қадар мўлжалланган. Жорий мавсум 27 ёшли ҳимоячи жамоасининг 39 ўйинида қатнашиб, иккита гол ва саккизта голли узатма муаллифига айланди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)