Президент Шавкат Мирзиёев 14 июль, сешанба куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбайи билан таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида таълим тизимини жиддий танқид қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ёшлар мактабдан кетди. Мактаб раҳбарларининг эътиборсизлиги билан ‘Нима учун шунча – 11 йил ўқитиб, уларга касб ўргатмадик?’ деган савол ҳаммани қийнаши керак. Шу сабабли мактабнинг юқори синфларидаёқ касбга ўқитиш тизимини жорий этишимиз зарурлигини ҳаётнинг ўзи мажбур қиляпти. Агар шу ишни қилмасак, болаларни тарбия қила олмаймиз, уларга шароит ярата олмаймиз. Мактабнинг олдига савол қўйишимиз керак, ‘Нима учун ота-она репетитор топиб, олий таълимга киргизяпти?’, ‘Нега давлат шунча пул ажратади-ю, мактаб битирувчиларини ОТМларга қамраб олиш 50 фоиз ҳам эмас?’. Депутатлар, Олий Мажлис палаталарининг раислари ушбу масалани ҳам қонунда кўриб чиқиши керак ва бу адолатли талаб», — деган Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент йиғилиш давомида аввал уч, беш ёки ўн йил муқаддам бундай шароитлар яратишнинг имкони бўлмаганини ҳам қайд этди.

«Нима учун бугун бу талаб қўйилмоқда? Тасаввур қилинг, уч йил, беш йил ёки ўн йил аввал бу талабни қўя олмасдик. Ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам уч ой пахта, бир ой чопиқ, ўн беш кун пилла билан овора эди. Кўча супуриш билан овора эди! У вақтда бундай шарт қўя олмасдик. Ҳозир мактабларда у нарсалар йўқ. Энди талаб қўйишнинг вақти-соати келди десак, тўғри бўлади», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Аввал мазкур йиғилишда давомида Ўзбекистоннинг ҳар бир туман ва шаҳарида ҳамда ОТМларида ахборот технологияларига ўқитиш марказлари очилиши белгилаб қўйилгани, 2020/2021-ўқув йилидан мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг ОТМга кириши ва ўз ишини топишига қараб ҳақ тўланиши айтиб ўтилгани ҳақида хабар берилганди.