Ўзбекистон қонунчилиги фавқулодда ҳолат ва фавқулодда вазият тартиби киритилишига имкон беради. Бу ҳақда 13 июль, душанба куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов айтиб ўтди.

Анжуманда Музраф Икромов фавқулодда ҳолат (вазият) шароитларига ўхшаш чекловлар ўрнатилганига қарамай, нима учун фавқулодда ҳолат эълон қилинмаётганига изоҳ берди.

Дунё мамлакатлари тажрибасининг таҳлили коронавирусга қарши кураш бўйича вазиятни баҳолаш ва унинг натижадорлиги киритилган тартибнинг шакли: фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазият, комендантлик соати, карантинни алоҳида ёки биргаликда жорий қилинганлигига боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда.

Республикамиз қонунчилиги фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазият карантин тартиби киритилишига имкон беради.

Конституциянинг 93-моддаси 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиши мумкин.

‘Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида’ги қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат фавқулодда вазият, деб аталади.

‘Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида’ги қонуннинг 3 ва 31-моддаларига биноан, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирларини кўзда тутувчи чекловчи тадбирлар (карантин) киритилиши мумкин.

Музраф Икромов, адлия вазири ўринбосари

Ўзбекистонда ўтказилаётган эпидемияга қарши тадбирлар кўпроқ «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонуннинг талабларига мос келади ва қуйидагиларни қамраб олади:

  • мамлакат ҳудудларининг санитария муҳофазаси (санитар-карантин назорати ўтказиш ва чекловчи тадбирлар (карантин) киритиш орқали таъминланади);
  • инфекцион касалликлар ўчоқларида дезинфекция тадбирлари ўтказиш, мажбурий тиббий кўриклар.