Қашқадарё вилоятида оилавий тадбирда иштирок этган шифокор 30 нафар фуқарога коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг қашқадарёликларга қилган мурожаатида таъкидлаб ўтилди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги

Маълум қилинишича, 9 июль, пайшанба куни вилоят ҳокими бошчилигида махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.

«Касби шифокор бўлган фуқаромиз карантин талабларига риоя этмаган ҳолда жорий йилнинг 24 июнь куни қариндошиникида оилавий тадбирда ва депутатлар билан учрашувда иштирок этиб, 30 нафар фуқарога вирус юқтиришга сабаб бўлди», — деган Зоир Мирзаев.

«Дарё»га тақдим этилган Қамаши туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига ёзган хатидан маълум бўлишича, тумандаги оилавий тадбирда иштирок этган шифокор сабаб 2020 йилнинг 1 июль куни 58 киши карантинга олинган.

Вилоят ҳокими Зоир Мирзаев таъкидлаган шифокор воқеасининг мазкур ҳолатга қай даражада алоқаси борлиги ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоятнинг Ғузор туманида қурилаётган Uzbekistan GTL заводи қурилишида қатнашаётган 127 нафар кишида коронавирус аниқлангани хабар берилганди.