ДХХ ва ИИВ ходимлари Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг 11 нафар тарафдоридан иборат яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
«Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан мамлакатда тақиқланган.
Аниқланишича, ушбу гуруҳни ташкил этган шахснинг ўзи даставвал 2020 йилнинг январь ойида диний экстремистик оқимлар ва террорчилик ташкилотларининг ғоявий раҳнамолари ҳисобланувчи, ҳозирда Сурия ва Туркия давлатларида яшаб келаётган (асли қирғизистонлик) лақаби «Абу Салоҳ» бўлган Сирожиддин Мухторов, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари бўлган «Абдуллоҳ Зуфар» лақабли Зофир Ғаффоров ва «Содиқ Самарқандий» лақабли Содиқ Муҳаммадиевнинг даъватларини тинглаб, уларнинг таъсирига тушиб қолган.
Сўнгра ўз атрофидаги инсонларни ҳам бу йўлга тарғиб қила бошлаган.
У 2020 йилнинг март ойига келиб, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти сафига қўшилиш учун Сурия давлатига чиқиб кетишни режа қилган ва бунинг учун ўзига хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириб олган. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон ва Туркияда жорий этилган карантин чоралари унинг режасининг рўёбга чиқишига халақит берган.
Таъкидланишича, ноқонуний йиғилишлар давомида гуруҳ аъзолари интернет тармоғи орқали юклаб олинган экстремистик мазмундаги материалларни тинглаб, муҳокама қилб келган. Ҳатто уларнинг бир нечтаси «ҳижрат» ва «жиҳод» қилиш учун Сурия давлатига боришга хайрихоҳлик билдирган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида тақиқланган диний адабиётлар ва варақалар, компьютер, ноутбук, планшет, мобил телефон ҳамда флеш-карталар борлиги аниқланиб, уларда сақланаётган маълумотларни экспертизадан ўтказиш учун процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинган.
Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ 2020 йил 24 июнда Тошкентда халқаро террорчилик ташкилотининг 25 нафар аъзоси қўлга олингани, 9 июнда Бойсунда «Жиҳодчилар» гуруҳи ИИВ ва ДХХ томонидан ушлангани, 28 майда Фарғонада «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчилик ташкилоти аъзолари қўлга туширилгани ҳақида хабарлар берилганди.