Жиззах вилоятида 40 тонна ғалла сотишини айтиб 51 ёшли Э.Д.ни алдаб кечаси дала майдонига олиб келган ва унинг Gentra’сидан пул ўғирлаган жиноий гуруҳ аъзолари қўлган олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилган.
Хабарга кўра, 2020 йил 2 июль куни 51 ёшли Э.Д. Мирзачўл тумани ИИБ га ариза билан мурожаат қилган. Маълум бўлишича, 1 июль соат 13:00 да ўзини «Н» деб таништирган шахс унга қўнғироқ қилиб, Мирзачўл тумани «Ўзбекистон» ҚФЙда фермер хўжалиги раҳбари эканлигини, сотиладиган 40 тонна ғалласини савдолашиб нархига келиша олса сотишини айтган.
Э.Д. ғаллани кўриш учун, шу куни соат 20:30 да ўз Gentra’сида Мирзачўл тумани «Ўзбекистон» ҚФЙга борган, машинани йўл четига қўйиб, Н. билан тахминан 500 метр далага кирганида, шериги қочиб кетган. Э.Д. орқасига қайтиб автомобилни кўздан кечирганда, Gentra’нинг олд ойнаси сингани, орқа юкхонадан 50 миллион сўм пул ўғирлаб кетилгани маълум бўлган. Аризачи ушбу тафсилотларни ўз шикоятида баён қилиб, ушбу номаълум шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзачўл туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «б, в» бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб анча миқдорда содир этилган ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 24 ёшли Ш.Х. ва Б.Й., 38 ёшли У.Й. ва 35 ёшли Д.З. содир этгани аниқланган. Улардан жами 6 миллион 930 минг сўм пул ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Гуруҳнинг барча аъзолари айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мавзуга доир: Жиззахда автомашинани фоизсиз сотиш шарти билан 3 млрд сўмдан кўп пулни ўзлаштирган фирма фаолияти фош қилинди