Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ тизим идоралари томонидан «Сардоба» сув омбори тошқинида йўқотилган ҳужжатлар тиклаб берилган.
Қайд этилишича, «Сардоба» сув омбори тошқини оқибатида талафот кўрган Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида яшовчи фуқароларга тегишли жами 276 та, шундан 238 та ҳайдовчилик ва 38 та автомототранспорт воситаларини қайд этиш гувоҳномалари йўқолган. Мазкур ҳолатлар бўйича олиб борилган суриштирув давомида, 276 та гувоҳномадан 61 таси ЙҲХБ РИБ томонидан берилмаганлиги ва 15 таси топилганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари фуқароларнинг мурожаати бўйича вилоят ИИБ ЙҲХБ РИБ томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида қўшимча 568 та гувоҳнома, шундан 509 та ҳайдовчилик ва 59 та транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси йўқолганлиги аниқланган.
Шу кунга қадар, Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ РИБ томонидан беғараз ёрдам кўрсатиш мақсадида, жами 767 та гувоҳнома, шундан 702 та ҳайдовчилик ва 65 та транспорт воситаларини қайд этиш гувоҳномалари тиклаб берилган.
Мавзуга доир: Мирзаободда сув тошқинидан кейин қайта таъмирланган уйлар ўз эгаларига топширилди (фото)
Талафот кўрган ҳудудларда тозалаш ва қурилиш ишларини қисқа муддатларда якунлаш мақсадида ДЙҲХХ ходимлари ўзлари бириктирилган йўналиш ва ҳудудларда Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбийлари билан ҳамкорликда 12 соатлик иш тартибида хизматни олиб бормоқда.
Қурилиш маҳсулотларини ташиш ва иншоотларни чиқиндилардан тозалаш ишларида 79 та ЙПХ автомобилида жами 3 664 марта кузатув ишлари амалга оширилган.Бундан ташқари, М-34 «Тошкент—Душанбе» автомобиль йўлини 71-152 ва А-376 «Қўқон—Жиззах» автомобиль йўлларида ҳайдовчиларни огоҳлантириш мақсадида М-34 йўлининг 103, 119 ва 144-километрларида вақтинчалик ҳаракатланиш йўналишини билдирувчи ахборот паннолари ўрнатилди ва ЙПХ ходимларининг доимий хизмат олиб боришлари йўлга қўйилди.
Республиканинг бошқа ҳудудларида ёрдамга келган 11 100 ҳашарчини ДЙҲХ хизмати саъй-ҳаракати билан беғараз ёрдам кўрсатиш учун 50та автобусда 37 маротаба, 74 та ЙПХ патруль автомобили кузатуви остида белгиланган манзилларга етказилган.