Фарғонада қарздордан ундирилиши лозим бўлган, аммо бир йилдан бери қидирувга берилиб топилмай келаётган Spark’нинг дараги чиқди, машина сотиб юборилган ва янги эгаси уни деярли ҳайдамаган. Бу ҳақда МИБнинг Бағдод туман бўлими «Дарё»га маълум қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг 2019 йил 3 апрелдаги 6537-сонли ижро ҳужжатига кўра, қарздор Қ.Б.нинг ноқонуний эгалигидаги Spark ундирувчи Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи Т.Юсуповга олиб бериш белгиланганди. Мазкур ижро ҳужжати қарздорнинг яшаш манзили бўйича Мажбурий ижро бюронинг Бағдод туман бўлимига келиб тушган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор Қ.Б.нинг яшаш уйи кўздан кечирилган, бироқ транспорт воситаси аниқланмаган ва ижро ҳужжати талабини бажармаганлиги сабабли унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-(1) моддасига асосан 1 миллион 115 минг сўм маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Ижро ҳужжати бўйича 2019 йил 9 май куни мазкур транспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинган ва қидирув гуруҳи ходимлари томонидан ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тадбирлар натижа бермаган.2020 йил 20 июнга келиб Spark Бешариқ туманида қидирув гуруҳи ходимлари томонидан аниқланиб ушланган ва жарима майдончасига олиб кирилган.
Аниқланишича, қарздор Қ.Б. Spark’ни аллақачон бешариқлик Ф.Т.га 6 минг АҚШ долларига сотиб юборишга улгурган. Харидор узоқ муддат автомашинадан фойдаланмагани сабабли қидирув самара бермагани маълум бўлган.
Таъкидланишича, қидирувдаги Spark ушланганлиги ҳақида ижро ҳужжати бўйича ундирувчи Т.Юсуповга хабар берилиб, у Тошкентдан келгунга қадар автоулов Бағдод туман ИИБ ЙҲХБ жарима майдончасида сақлаб турилади.