Парвозларни бошқариш маркази 3 июль куни кечаси Халқаро космик станциянинг (ХКС) космик чиқинди билан тўқнашувининг олдини олиш учун унинг орбитасига режадан ташқари ўзгартириш киритди, деб хабар беради «Роскосмос».

Фото: Energynews

Манёврни амалга ошириш учун ХКСнинг Россия сегментига бириктирилган «Прогресс МС-14» юк кемаси двигателларидан фойдаланилган.

Двигатель станция ҳаракатини сониясига 0,5 метрга тезлаштиргани сабаб ХКС орбитасининг баландлиги 900 метрга ошган.

«Роскосмос»нинг маълум қилишича, Халқаро космик станциядаги космонавтлар Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер, шунингдек, астронавтлар Кристофер Кэссиди, Дуглас Хёрли ва Робер Бенкен режалаштирилган дастур бўйича иш олиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг бошида Ер орбитасида 700 мингга яқин космик чиқинди бўлган. Гап катталиги бир сантиметрдан ошиқроқ объектлар ҳақида кетмоқда. 2019 йилнинг январида эса Ер орбитасидаги космик чиқиндилар ҳажми 7 минг тоннага етгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, америкалик астронавтлар Дуглас Хёрли ва Робер Бенкен 31 май куни биринчи бор SpaceX’нинг Crew Dragon кемаси орқали Халқаро космик станцияга учирилган эди.