Тошкент ва Наманганда коронавирусга чалинган беморларнинг 127 нафари соғайиб, 3 июнь куни ўз уйига кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 17 нафар, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида 4 нафар, шаҳар 1-сон клиник шифохонасида 101 нафар, Наманганда 5 нафар, жами 127 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайган.

Шундай қилиб, айни пайтгача Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирус инфекциясидан жами 3747 нафар бемор соғайди.

Наманган вилоятида эса COVID-19’дан тузалганлар сони 286 нафарга етди.

Айни пайтда Ўзбекистонда соғайганлар сони 6161 нафарни ташкил этмоқда. Касалланганларнинг умумий сони эса Ўзбекистонда 3 июль соат 10:00 ҳолатига кўра 9199 нафарга етди. Мамлакатда эпидемия бошланганидан бери жами 27 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.