Футбол бўйича Coca-Cola Суперлига 7-туридан ўрин олган ОКМК — «Насаф» учрашувидан (2:1) сўнг ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Дастлаб меҳмонлар устози Рўзиқул Бердиев ўйин борасида гапирди.
«Рақибимиз тажрибали жамоа эди. Қолаверса уларнинг майдонида ҳаракат қилдик. Ўйинга келадиган бўлсак, жамоамиз бугун муносиб ўйин намойиш этди. Мағлубиятга лойиқ эмасдик, чунки кераклича вазиятлар ярата олдик. Лекин бугун ҳам, аввалги ўйинларда ҳам омад биздан очиқчасига юз ўгирмоқда. ОКМКни ғалаба билан табриклаймиз.
Футболда фақатгина яхши ўйиннинг ўзи учун очко берилмайди ёки жамоа жадвалда юқорига олиб чиқиб қўйилмайди. Бунинг учун очко тўплаш керак. Очко учун эса вазиятларни голга айлантириш керак. Балки бу руҳий томонлама муаммога боғлиқдир. Ўйинларда ташаббусга эга бўлмоқдамиз. Муносиб ўйин кўрсатяпмиз. Лекин нима учундир биздан омад юз ўгирмоқда.
Кўпроқ қарши ҳужумлардан самарали фойдаланиб, ҳимояда мустаҳкам ҳаракат қилишимиз лозим эди. Лекин пенальти режамизни бузиб юборди. Кейинги вазиятда эса қарши ҳужумда хато қилдик, позицион ҳимояланишда ҳам камчиликка йўл қўйдик. Ўшандан сўнг биз янада кўпроқ вазият яратдик. Барчангиз кўрдингиз, ёш футболчимиз ҳаттоки бўш дарвозага ҳам гол кирита олмади. Бу унинг айби эмас. Жамоада руҳий тайёргарликни яхшилашга ҳаракат қиламиз.
Ҳали легионер ҳужумчимиз ўйинга киришиб кета олмаяпти. Бугун унга имконият бергандик. Ўйлайманки, ҳужумчи бундан ҳам яхшироқ ҳаракат қилиши лозим», — дейди Бердиев.
Шундан сўнг ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов фикр билдириб ўтди.
«Бир-бирига мос икки жамоа ўзаро ўйин ўтказди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳозиргача мағлубиятсиз келаётганди. Ўйин жанговар, тезкор ва курашларга бой бўлди. «Насаф» шаклланган жамоа. Жамоанинг ўз академияси бор ва у ердан яхши футболчилар етишиб чиққан. Бердиев доимо ёшлар бўлишига қарамай, жамоани яхши шакллантира олган.
Ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Шунингдек, бизни ТВ орқали бўлсада қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Мухлислар пандемия орқали стадионга кира олишмаяпти. Шу сабабли, Олмалиқда ўйинларни ТВ орқали кўпроқ такрор намойиш этишни илтимос қилишибди. Бу қувонарли, футболчиларимизнинг меҳнати. Фурсатдан фойдаланиб, йигитларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўйин давомида курашишди ва ўз мақсадимизга етдик.
Рақиб сафида Бозоров ва Кенжабоев тушганидан сўнг Сардор Раҳмоновни майдонга туширдим. Чунки, таянч зонаси бўшдек кўриниб қолди. Захирадан майдонга тушган футболчилар ҳам ўйинни кучайтира олишди», — дейди Қосимов.
Мазкур ғалабадан сўнг ОКМК очколарини 17 тага етказиб олди ва 2-ўринга кўтарилди. «Насаф» (12) эса 7-поғонада қолди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)