«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон ҳукумати ва парламентининг раҳбар ходимлари қайси олий таълим муассаларида таҳсил олгани ҳақида маълумот берди.

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Ўзбекистон парламенти раҳбарияти таркибида Сенат раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, шунингдек, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ўз вақтида Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Шунингдек, Содиқ Сафоев АҚШнинг Гарвард университетида ҳам таълим олган.

Сенат раиси ўринбосари Муса Ерниёзов Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Сенат расининг яна бир ўринбосари Зайниддин Низомхўжаев Тошкент тиббиёт академиясида ўқиган.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси спикерининг 5 нафар ўринбосаридан 3 нафари Тошкент давлат техника университети битирувчилари ҳисобланади. Улар — Наримон Умаров, Улуғбек Иноятов, Борий Алихонов. Шу билан бирга, Улуғбек Иноятов Тошкент молия институтида ҳам таълим олган.

Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров Тошкент молия институти ва Туркиянинг Эгей университетида олий таълим олган.

Қуйи палата раҳбарининг яна бир ўринбосари Акмал Ҳайитов Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти битирувчиси ҳисобланади.

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Маълум қилинишича, бош вазирнинг 5 нафар ўринбосаридан 4 нафари Тошкент давлат иқтисодиёт университетини битирган. Улар — бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, бош вазир ўринбосари — туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев.

Шу билан бирга, уларнинг 3 нафари хорижий ОТМларда таълим олган. Жумладан, Жамшид Қўчқоров АҚШнинг Колорадо штати иқтисодиёт институтини, Сардор Умурзоқов Буюк Британиянинг Рединг университетини, Азиз Абдуҳакимов Япониянинг Хитоцубаси университетини тамомлаган.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Тошкент темир йўл муҳандислари институтини тамомлаган. Бош вазирнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Бош вазирнинг ахборот технологияларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Умаров Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Жанубий Кореянинг Сонгюнгван университетида ўқиган.

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Ўзбекистоннинг 8 нафар вазири — Иброҳим Абдураҳмонов, Русланбек Давлетов, Тимур Ишметов, Жамшид Қўчқоров, Алишер Султонов, Сардор Умурзоқов, Жамшид Хўжаев ва Шерзод Шерматов хорижий олий таълим муассасалари дипломларига эга. 10 нафар вазир 2 тадан олий таълим муассасасини тамомлаган, молия вазири Тимур Ишметов эса 3 та — Тошкент давлат юридик университети, Тошкент молия институти ва Буюк Британиянинг Бирмингем университетида таълим олган.