Беларусда мамлакат раҳбарлигига номзод бўлган мухолифатчиларни қўллаб-қувватлаш йўлида ўтказилаётган акциялар фонида президент Александр Лукашенко демократик йўл тутса, ҳокимиятни қўлдан чиқариши ва қарғишга учрашини маълум қилди, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: «ТАСС»

«Мени танлов қаршисига қўйманг. Демократик йўл тутсам, оппоқ ва пахмоқ эканлигимни кўрсатсам, мамлакатни қўлдан чиқаришим мумкин. Бунинг оқибатида бир йилга бормай қарғишга қоламан. Ҳеч ким мени ва барчамизни Беларусни йўқ қилганимиз учун кечирмайди», — дейди Лукашенко.

«Яна бир вариант. Мени ушбу муаммони ҳал этиш учун куч ишлатишга ундашмоқда», — дея қўшимча қилади президент.

Шу билан бирга, Лукашенконинг қайд этишича, у бутун умрини ушбу мустақил, суверен давлатни қуришга сарфлаган ва ҳеч кимнинг мамлакатни синдиришига йўл қўймайди.

Беларусь президентининг фикрича, мамлакатдаги вазиятни ўзгартиришни истаган одамлар — «адашганлар» ва улар ўзларидан фойдаланишаётганини тушунмаяпти.

Мамлакат раҳбари одамларга мурожаат қилиб, ўз позициясини тушунишларини сўради. «Мен ҳозирча илтимос қиляпман ва огоҳлантиряпман: бу ишни қилманг, ҳукуматни қандайдир чора кўришга ундаманг, юмшоқроқ қилиб айтганда — бизни бунга мажбурламанг».

Эслатиб ўтамиз, Минскда 18 июнь куни Беларусь президентлигига номзод Виктор Бабарико қўлга олинган. Расмийлар Бабарикони «Белгазпромбанк»да ноқонуний ташкилотга раҳбарлик қилганликда айбламоқда. Шу сабаб Минск аҳолиси президент сайлови кампанияси давомида сиёсатчилар ва фаолларнинг қўлга олинишига норозилик белгиси сифатида «бирдамлик занжир»ига тизилган.