«Ювентус» ҳужумчи Криштиану Роналду фаолияти давомида илк бор кетма-кет иккита финалда имкониятни бой бериб қўйди, дея хабар беради Goal.
2020 йилги Италия Кубогининг финал учрашувида «Наполи» «Ювентус»ни мағлубиятга учратиб, кубокни қўлга киритди. Учрашув Римдаги «Олимпико» стадионида бўлиб ўтди.
Беллашувнинг асосий вақтида дарвозаларга тўп киритилмади. Иккинчи бўлим тугаши билан пенальтилар сериясига рухсат берилди. Унда эса «Наполи» футболчилари омадлироқ бўлиб чиқди – 4:2.
Бунгача «Ювентус» мамлакат Суперкубоги учун кечган баҳсда «Лацио»га ютқазиб қўйганди (1:3).
Маълумот ўрнида, Роналду 2018 йилнинг ёзида «Реал»дан 117 миллион евро эвазига Турин клубига кўчиб ўтган. Унинг «Ювентус» билан шартномаси 2022 йилнинг ёзигача амал қилади.
Қайд этиш жоиз, «Ювентус» кетма-кет иккинчи мавсум Италия Кубогини қўлга кирита олмади. Туринликлар 2018/19 йилги мавсум кубок баҳсларининг 1/4 финалида «Аталанта»га ютқазиб, мусобақадан эрта чиқиб кетганди. Унгача эса «Ювентус» кетма-кет 4 марта мусобақа ғолиби бўлган (2014/15, 2015/16, 2016/17, 2017/18).
Мавзуга доир:
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)