Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати Вазирлар Маҳкамасида коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатдан сўнг беморлар билан мулоқотда бўлган ходимларнинг карантинга олинганини маълум қилди.

Фото: «Дарё»

«Жорий йил 17 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси ходимларининг икки нафаридан COVID-19 инфекцияси аниқланди. Ўрганишлар натижасида коронавирус уларда клиник белгиларсиз (симптомларсиз) кечаётгани маълум бўлди.

Белгиланган тартибда зарур чоралар кўрилиб ушбу ходимлар шифокорлар назоратига олинди. Улар билан иш жараёнида мулоқотда бўлган ходимлар икки ҳафта муддатга карантинга ўтказилди ва айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси доимий тартибда ишламоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ҳукумат пандемия даврида мунтазам равишда фаолият юритиб келмоқда», — дейилади Бош вазир матбуот хизмати хабарида.

Вазирлар Маҳкамасидаги департаментлардан бирининг мудирида коронавирус аниқлангани, ҳукумат биноси қатъий карантинга олингани 17 июнь куни маълум бўлганди. «Дарё»нинг ҳукуматдаги манбаси бу хабарни тасдиқлаганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасидаги коронавирусни юқтириб олиш ҳолати 18 июнь куни тасдиқланганини маълум қилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳозиргача 5730 кишида коронавирус аниқланган, улардан 4166 нафари соғайган бўлса, 19 нафари вафот этган.