КХДР ҳукумати ўз қўшинларини Жанубий Корея чегарасига — Кимгансан туристик зонаси ва Кэсон саноат комплексига жойлаштиришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Корея халқ армияси бош штаби вакилига таяниб, Марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Фото: DW

Бош штаб вакилининг сўзларига кўра, мазкур ҳудудларга полк даражасидаги ҳарбий қисмлар, шунингдек, зарурий ўточар бўлинмалар жойлаштирилади. Уларга қўйилган жанговар вазифа — чегараолди зоналарини қўриқлаш.

«Чосон синбо» газетасининг маълум қилишича, Пхеньян Жанубий Корея чегараси яқинида барча турдаги ҳарбий машғулотларини қайта бошлаш ниятида. Олдин чақириб олинган фуқаролик қўриқлов постлари яна демилитаризация зонасига қайтади.

Аввалроқ КХДР Кэсон шаҳридаги Кореялараро алоқа офисига Жанубий Корея вакиллари томонидан амалга оширилган телефон қўнғироқларига жавоб қайтармай қўйгани, 9 июндан бошлаб эса икки мамлакат ўртасидаги мавжуд барча алоқа каналларини тўхтатилгани тўғрисида хабар берилганди. Таъкидланишича, КХДР Сеул билан барча алоқа линияларини Пхеньянга қарши юборилган ташвиқот варақалари сабаб блоклаган.