Дания ҳукумати иқтисодиётни тиклаш учун комплекс режа тузилганини маълум қилди. Режада коронавирус пандемияси сабабли аҳоли ва кичик бизнесга ёрдам бериш таклиф қилинади. Иқтисодиётни тиклаш учун жами 60 миллиард крон (9,04 миллиард доллар) сарфланади. Бу ҳақда Дания Молия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур маблағларни музлатиб қўйилган таътил пуллари ҳисобидан ажратиш режалаштирилмоқда. Мазкур таътил пуллари ходимлар пенсияга кетаётганда берилиши учун музлатиб қўйилган.
Ҳар бир ишлайдиган даниялик 19 минг крон (қарийб 3 минг доллар) ёрдам пули олади, солиқларни ҳисобга олганда ёрдам пули миқдори 15 минг крон (2,3 минг доллар). Бироқ молия вазири Николай Уамменнинг сўзларига кўра, «техник сабаблар»га кўра, бу маблағлар фуқароларнинг ҳисобрақамига бирданига эмас, балки босқичма-босқич, бироқ октябрь ойидан кечикмаган ҳолда келиб тушади.
Маълум қилинишича, иқтисодиётни тиклаш бўйича режа — ҳукумат ва бир қатор партияларнинг келишуви натижаси. У секинлик билан аввал қабул қилинган ёрдам дастурларининг ўрнини эгаллайди. Аҳоли ва компанияларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги келишув 19 мартда имзоланган, кейинроқ Дания ҳукумати қўшимча чораларни қабул қилган.
Март ойининг бошидан Данияда мактаблар, болалар боғчалари, ресторанлар, кафелар ва спорт заллари ёпиқ эди, шунингдек, хорижликларнинг мамлакатга киришига ҳам чеклов жорий қилинганди. Апрель ойининг бошида мамлакат ҳукумати коронавирус сабабли жорий қилинган чекловларни юмашатишга киришишини маълум қилди. Хусусан, апрель ойининг ўртасида болалар боғчалари ва бошланғич мактаблар ўз ишини қайта тиклади. Одамларнинг 10 кишидан ортиқ тўпланишига қўйилган тақиқ май ойигача ўз кучида қолди.
Пандемия бошидан буён Данияда 12,4 минг кишида коронавирус аниқланган, 558 киши касаллик оқибатида вафот этган.
Изоҳ (0)