Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Авазбек Олимовнинг тадбирда сўкингани акс этган видео тарқалди. Видеода хонанда ўзини Аваз Олимов деб таништирган бошловчига «Менинг исмим Авазбек, боғчада Аваз эдим» деб қўпол тарзда сўкинганини кўриш мумкин.
Маданият вазирлиги ҳамда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси санъаткор Авазбек Олимовдан тарқалган видео юзасидан изоҳ сўради.
«Авазбек Олимов ҳақиқатдан ҳам хунук ҳолат содир бўлганини тан олди. Йўл қўйган хатосини инкор этмасдан, ўз тушунтириш хатида бу ҳолатлар бошқа такрорланмаслигига ваъда берди.
Авазбек Олимовга қаерда, қай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, ўзини маданият соҳаси вакилига муносиб тутиши лозимлиги уқтирилди», — дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, вазирлик хабарига Авазбек Олимовнинг тилхати ҳам илова қилинган. Тилхатда хонанда бундай ҳолатлар бошқа такрорланмаслигига ваъда берган.
Изоҳ (0)