Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижонда ИИБ ходимлари томонидан фуқаронинг қийноққа солинишига боғлиқ ҳолатни қатъий қоралайди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБнинг ходимлари фуқаро А.А.ни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб тургани тўғрисида хабар берилганди. А.А. соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган ва 11 июнь куни вафот этган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ушбу ҳолатни қатъий қоралаши ҳақида маълум қилди.

Таъкидланишича, ушбу фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва интернетда хабар тарқалгани заҳоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилган.

«Бу қайғули ҳолат, аввало, навқирон бир инсоннинг умрига зомин бўлгани ва марҳумнинг оила аъзоларини чексиз мотам-у айрилиқ ғамига дучор этгани билан ҳар биримизни асло бефарқ қолдирмайди. Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожиалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз», — дейилади хабарда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган.

Аввалроқ Андижонда қийноқдан вафот этган фуқаро сабаб ИИБдаги беш киши ишдан олингани ва 19 киши жазолангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи ҳам ишдан олинган.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Қашқадарёда мол ўғирлашда гумон қилинган эркак ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди.