Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан беғараз ёрдам сифатида юборилган замонавий тиббий жиҳозлар Сўх туманига етказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилган.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Сўх тумани аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 18 нафар юқори малакали тиббий ходимлар ва профессорлар етиб келган. Малакали тиббий ходимлар таркибига кирувчи жарроҳ, эндокринолог, акушер-гинеколог, терапевт-эндокринолог, кардиолог, педиатрлар туманнинг маҳаллалар кесимида аҳоли билан учрашиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиб, зарурий маслаҳатларини берган.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одил Умаровнинг сўзларига кўра, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Андижон давлат тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали, Тошкент тиббиёт академияси Акушерлик ва гинекология кафедраси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академиясидан жалб этилган юқори малакали мутахассислар сўхликларни секторлар кесимидаги тиббиёт муассасалари ва оилавий поликлиникаларда тиббий кўрикдан ўтказади.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Бошқарма мутасаддиси туманга замонавий тиббиёт асбоб-ускуна ва жиҳозларининг қолган партияси тез муддатда олиб келинишини ҳам билдирган.

Аввал Сўхга электр таъминотини яхшилаш учун турли қувватдаги 16 дона трансформатор пункти, 79 километр узунликдаги замонавий электр узатиш кабеллари, 80 дона темир-бетон таянч, 1200 дан ортиқ изолятор, 10 турдаги электр қурилмалари юборилгани, Фарғона вилояти ҳокимлиги Сўх туманига хайрия карвони жўнатгани, 230 нафар сўхлик Tashkent City’даги қурилиш ишларида қатнашиш учун пойтахтга олиб келингани, Сўхда 3 та дам олиш маскани яратилиши, вилоят марказига авиақатновни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида хабарлар берилган.