Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Сапар Исоқов коррупцияда айбланиб 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди, деб хабар бермоқда «24.kg».

Фото: Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати

Исоқов Бишкекдаги Давлат тарих музейи ва Чўлпон ота шаҳридаги ипподромни реконструкция қилишда коррупцияга йўл қўйганликда айбдор деб топилган. Ушбу икки жойдаги коррупциянинг ҳар бири учун унга 12 йил озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо тайинланган.

Суд ҳукми билан Сапар Исоқовга узил-кесил 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлиб, жазони кучайтирилган тартибдаги колонияда ўташ белгиланди.

Бундан ташқари, у давлатга 247,6 миллион сом (тахминан 3,3 миллион доллар) жарима тўлаши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Сапар Исоқов коррупцияда гумонланган вақтида ундан дастлаб шаҳарни тарк этмаслик бўйича тилхат олинган. Кейинчалик Первомайск туман суди қарори билан тергов тугагунга қадар ҳибсга олинган, шундан бери у Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида сақланиб келаётганди.

Сапар Исоқов Қирғизистонда 2017—2018 йилларда, президент Алмазбек Атамбаев раҳбарлигида бош вазир бўлган. Унгача Қирғизистон президенти аппарати раҳбари ўринбосари ва раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

2018 йилнинг апрель ойининг ўртасида парламентнинг учта мухолиф фракцияси ҳукумат иши юзасидан ҳисоботни қониқарсиз деб топганидан сўнг, Президент Сўронбой Жээнбеков уни истеъфога чиқариш борасидаги қарорга имзо чеккан эди.