АҚШдаги Корнелл университети олимлари соғлом ҳаёт тарзи инсонни иккинчи даражали қандли диабетдан халос этиши мумкинлигини маълум қилди, деб хабар беради New Atlas.
Мақолада ёзилишича, олимлар соғлом ҳаёт тарзи деганда маълум бир парҳез ва жисмоний машқларни бажаришни назарда тутмоқда.
Экспертлар томонидан ўтказилган тадқиқотларда иккинчи турдаги диабет билан камида уч йилдан бери азият чекаётган 150 киши қатнашди. Уларнинг ўртача ёши — 42 да. Гуруҳ тасодифий танлаш орқали иккига ажратилган: улардан биринчиси ташхис қўйилганда бериладиган стандарт дори воситалари билан даволанган бўлса, иккинчи гуруҳ — интенсив машғулотлар дастури ва овқатланиш режасига риоя қилган.
Дастлабки 12 ҳафта давомида улар «Кембриж парҳези» деб номланувчи усул билан даволанган. Кейинги 12 ҳафтада тажриба иштирокчилари калорияларни назорат қилган ҳолда одатдаги таомланиш тарзига ўтган. Бундан ташқари, бир ҳафта давомида улар 150 дақиқа машқ бажарган, кунига камида 10 минг қадам пиёда юриш тавсия этилган.
«Бир йилдан сўнг иккинчи гуруҳ иштирокчилари 12 килограммга озди, биринчиси гуруҳдагилар эса 4 килограммга. Бундан ташқари, шифокорлар 61 фоиз иштирокчи диабетдан даволанганини тан олди, ремиссия давридаги беморлар гуруҳида эса ушбу кўрсаткич — 12 фоизга тенг», — дейилади хабарда.
«Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, агар сиз касалликнинг бошланишидан кўп ўтмай вазн йўқотсангиз, ҳақиқатан ҳам ушбу жараённи орқага қайтаришингиз ва соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммолардан қутулишингиз мумкин», — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Шаҳрад Таҳери.
Изоҳ (0)