Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 5 июндан Ўзбекистоннинг «яшил» ҳудудларида жойлашган диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик мазкур ҳудудлардаги масжидларда 5—8 июнь кунлари бир қатор тайёргарлик чоралари кўрилиши ва улар 8 июндан очилиши ҳақида маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 8 июндан бошлаб «яшил» ҳудудларда намозхонлар учун очиладиган масжидлар рўйхатини эълон қилди. Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги 2020 йил 2 июнь ҳолатига кўра, туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифаларининг янгиланган рўйхатини эълон қилганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 8 июнь кунидан бошлаб масжидлар фақат «яшил» ҳудудларда ўз фаолиятини бошлашини, ушбу масканларда 5—8 июнь кунлари санитар чоралар амалга оширилишини яна бир бор эслатиб ўтди.