Ўзбекистонда 2020 йил 5 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, яна 20 нафар одамда коронавирус инфекцияси қайд этилди ва касалланганларнинг умумий сони 4007 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 6 таси Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинган фуқаролар орасида, 5 таси Бухоро вилоятида (беморларнинг 4 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинган, 1 нафари аҳоли орасида) қайд этилган. Яна 5 нафар бемор Тошкент вилоятида (3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 2 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Қашқадарё вилоятида (Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозорида юк ташувчи бўлиб ишлаган ходим ва у билан яқин мулоқотда бўлган 3 нафар оила аъзоси) аҳоли орасида аниқланган.

Аввал Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 5 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра 22 тага ошди ва касалланганлар сони 3987 нафарга етгани хабар қилинганди.

2020 йил 5 июнда кун давомида 160 нафар бемор коронавирусдан тузалган ва бу 15 мартдан буён соғайиш бўйича рекор кўрсаткич. Ўзбекистонда касаллик тарқала бошлаганидан шу кунгача бўлган давр давомида жами 3247 нафар бемор касалликдан бутунлай фориғ бўлган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси илк бор аниқланганиган бери, яъни 15 мартдан буён COVID-19 билан касалланган беморларнинг 16 нафари коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган.