Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Президент Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида босқичма-босқич ташқи туризм ва буюм бозорлари фаолиятига ҳам рухсат бериш масаласига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Ахборот 24» дастурида маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

«1 июндан бошлаб ички туризм ривожланишига эътибор бердик. Шу билан бирга, ташқи туризмга ҳам. Қаер бизни қабул қилишга тайёр бўлса, биз ҳам тайёр бўламиз — дарров самолётларимизни учирамиз. Мана, Туркия билан ҳам гаплашяпмиз, улар ташқи туризмни очгач, биз ҳам очамиз.

Шу билан бирга, одамлар менга жуда кўп хатлар ёзяпти, буюм бозорларни ҳам очиш бўйича. Шунинг учун ҳамма чораларни кўриб, буюм бозорларга ҳам рухсат беришни бошлаймиз.

Алоҳида режа қилиб, Миллий гвардия, ички ишлар ва мутасадди раҳбарлари билан биргаликда буюм бозорларини дарров ҳаммасини очмасдан, енгиллаштириш чораларини кўриб чиқиш керак. Лекин биз, албатта, карантинга жуда катта эътибор қаратамиз», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари шу шароитда ишлаш ва яшашга ўрганиш зарурлигини қайд этиб ўтган.

«Бошқа йўлимиз йўқ. Иш услубимиз шундай бўлиши керак. 50 фоиз карантин, 50 фоиз иқтисодиёт», – дея таъкидлайди Президент.

Эслатиб ўтамиз, 1 июндан Ўзбекистоннинг «яшил» ва «сариқ» ҳудудларида ички туризмга рухсат этилди. Шу санадан бошлаб мазкур ҳудудларда туроператорлар, туризм агентликлари, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш объектлари, маданий, маданий мерос объектлари ва бошқалар санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўз фаолиятини бошлади. Туризмни қайта тиклаш учун мазкур соҳа вакилларига Президент фармони билан бир қатор имтиёзлар ва субсидия дастурлари тақдим этилди. Шунингдек, 1 июндан бошлаб «яшил» ҳудудларда санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолиятига ҳам рухсат берилди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар