Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида каналга тушиб кетган Spark автомобили бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари ойдинлик киритди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар бермоқда.

Ҳодиса 2020 йилнинг 25 май куни соат 12:30 ларда Оҳангарон шаҳри, Охунбобоев кўчасида содир бўлган. Суриштирув давомида аниқланишича ҳайдовчи 1971 йилда туғилган М.Ҳ. исмли аёл ўзига тегишли бўлган Spark’да шаҳарнинг Охунбобоев кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган вақтида рул бошқарувини йўқотган ва автомобиль каналга тушиб кетган.

«Ушбу ҳодисада тан жароҳати олганлар йўқ. Транспорт воситаси каналдан чиқарилган», — дейилади ЙҲХББ хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон шаҳар ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Май ойида Сирдарё ва Самарқандда автомобилларнинг каналга тушиб кетиши аянчли оқибатлар билан якунланганди. 5 май куни Сирдарёнинг Сайхунобод туманида Matiz каналга тушиб кетиши оқибатида ҳайдовчи ва икки йўловчи, 24 май куни Самарқанднинг Иштихон туманида Matiz каналга тушиб кетиши оқибатида машина йўловчиси вафот этганди.