Тошкент ва Фарғона вилоятларида 26 май куни деярли бир вақтда юк машиналари эшак араваларни уриб юборган. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.
Биринчи ҳодиса соат 06:00 да Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ҳудудида содир бўлган. 28 ёшли Қ.Ж. HOWO юк машинасини М-39 халқаро автомобиль йўлининг 846-километрида бошқариб кетаётганида ўзи билан бир йўналишда йўлнинг ўнг қисмида ҳаракатланаётган эшак аравани автомобилнинг олд қисми билан уриб юборган. Ҳодиса оқибатида эшак аравани бошқариб кетаётган 24 ёшли Х.В. ва унинг турмуш ўртоғи 20 ёшли О.В.лар олган тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай О.В. шифохонада вафот этган.
Шундан сўнг Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
27 май куни Х.В. ҳам шифохонада жон бергач, жиноят иши ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» бандига (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) қайта малакаланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳайдовчи айбдор деб топилса, 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Иккинчи ЙТҲ соат 06:30 ларда Фарғона вилояти Бувайда тумани Янгиқадам қишлоғи ҳудудидан ўтган Ўш–Тошкент А-373 автомобиль йўлининг 215-километрида содир бўлган. 28 ёшли М.Ғ.нинг бошқарувидаги MAN юк автомашинаси Тошкент шаҳри йўналишида ҳаракатланиб кетаётганида қатнов қисмининг ўнг четида эшак аравада бораётган 46 ёшли Ж.Э. ва унинг вояга етмаган фарзанди 13 ёшли З.Ж.ларни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Мазкур ЙТҲ оқибатида эшак аравада бўлган Ж.Э. ҳодиса жойида вафот этган, З.Ж. эса турли кўринишдаги тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Бувайда тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳайдовчи айбдор деб топилса, 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
ЙҲХББ ва Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБдан маълум қилишларича, ҳар иккала йўл-транспорт ҳодисасида эшаклар омон қолган.
Изоҳ (0)