Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Мадриднинг «Реал» клуби афсонавий ҳимоячиси Роберто Карлос клубдаги хотиралари ва пандемия сабаб вужудга келган вазият ҳақида ҳикоя қилади. Бразилиялик футболчининг The Player’s Tribune’га ёзган ҳикоясини «Дарё» ўқувчиларга ўзбек тилида тақдим этади.

Фото: Yahoo Sports

Уйимда мен ҳеч қачон унутмайдиган кунда олинган сурат бор. Ушбу сурат 1996 йилнинг ёзида олинган. Ўшанда «Реал» мени «Интер»дан сотиб олганди. У пайтгача ҳеч қачон Мадридда бўлмагандим ва бор-йўғи 23 ёшда эдим. Аэропортга келганимдан сўнг дарҳол қаерда яшашимни кўришга ошиқмадим, Европанинг энг муҳташам стадионларидан бири – «Сантьяго Бернабеу»га ҳам бормадим. Аксинча, испаниялик журналистлар ҳамроҳлигида Сибелес майдонига (Palacio-de-Cibeles) йўл олдим.

Илгари бу ерни фақат суратларда кўргандим ва қандайдир сеҳрли жой эканини билардим. Майдон марказида Испания банки биноси (Banko-de-Espana) ва Сибелес саройи (Palacio-de-Cibeles) бинолари оралиғида маъбуда ҳайкали жойлашган фаввора туради. У ердан шаҳар маркази, Ретиро боғи ҳамда Прадо боғига чиқиш жуда қулай. Шаҳардаги исталган инсон бу жойнинг диққатга сазовор эканини тасдиқлайди.

Сибелес майдони

Сибелес майдони
Фото: AP Photo

Футбол мухлислари бу жойда нафақат чиройли бинолар борлигини, балки унинг тарихий аҳамиятга эга эканини ҳам яхши билади. Айнан шу ерда «Реал» ва Испания терма жамоаси ўз ғалабаларини нишонлайди.

Сибелесга тўғри аэропортдан келиш Рио-де-Жанейрога бориб, дарҳол Исо Масиҳ ҳайкалини кўришга бориш билан баробар. Табиийки, мен бундай бахтдан сархуш эдим. Айнан ўша пайтда журналист мени ўз камерасига муҳрлаган экан.

Ҳар сафар ушбу суратга қараганимда, «Реал»да ўтказган ажойиб дамларимни эслайман. Уйимда ҳамон бу расм сақланиб турибди. Уйим эса ҳали ҳам Мадридда. Бу ерда жамоатчилик билан алоқалар бўйича директор бўлиб ишлайман. Аммо ҳозир деярли барча инсонлар сингари офисга боролмаяпман. Охирги ойда уйдан икки марта — дўконга бориш учун чиқдим.

Ташқарига чиққач, атрофга назар солдим ва очиғи, шаҳримни зўрға танидим. Илгари ҳар қандай кунда Мадрид кўчалари одамлар билан гавжум бўларди. Мадриддан исталган нарсангизни топасиз: қуёш, спорт, маданият, тунги ҳаёт, егулик... Айниқса егулик! Бу бутун бошли ўзгача олам. Бу ерда яшайдиганлар эса ундан қандай завқланиш кераклигини яхши билади.

Ҳозир эса бундан асар ҳам қолмаган. Кўчалар мутлақо бўм-бўш!

Мадридни ҳеч қачон бундай кўрмаганман.

Вирус шахсан менга таъсир қилгани йўқ. Оилам ҳам соппа-соғ. Аммо вирус сабаб вафот этганларнинг оилаларига қайғурмасликнинг иложи йўқ. Мен шундай инсонларни биламан. «Реал»нинг собиқ президенти Лоренцо Санс ўтган ойда вафот этди. Айнан у мени клубга таклиф қилганди. У 76 ёшда эди. Унинг касалланганини билгач, гарчи, анчадан бери касал эканини яхши билсам-да, соғлиғини сўраб ибодат қила бошладим. Афсуски, айнан вирус уни енгди.

Мавзуга доир: «Реал» собиқ президенти коронавирусдан вафот этди

Лоренцони фақат табассум билан эслайман. Унинг президент эканлиги ашаддий мухлис бўлишга халал бермасди. У «Реал» учун яшарди ва ҳар доим клубнинг барча ишларида иштирок этарди. Агар ўйин дуранг ёки мағлубият билан якунланадиган бўлса, у биз ҳақимиздаги фикрларини билдирарди. Бирор совринни қўлга киритсак, биринчилардан бўлиб табрикларди. Биз уни инсоний фазилатлари, оптимистлиги ва жонкуярлиги учун қадрлардик. У бизга отамиздек бўлиб қолганди.

У билан ҳар куни гаплашардим. У менга доимо ўз маслаҳатларини бериб турарди. Мен уни ҳеч қачон Лоренцо Санс деб чақирмаганман. Уни Президент ёки Преси деб атардим. Мен унга: «Эй, Преси, ишлар қалай?», — дердим. У эса жилмайиб, мени бағрига босиб қўярди.

«Реал»га келган пайтимда Лоренцо ярим йилдан бери президентликда эди. Шартнома имзолангандан сўнг ҳаёт тезлашиб кетгандек туюларди, бироқ «Депортиво» қарши илк ўйинимни яхши эслайман. Ўша беллашувда биринчи голимни ҳам урганман. Бундан ташқари «Бернабеу»даги дебют учрашувим ва 80 минг томошабин ҳам ёдимда.

«Бу ерда нимамни унутиб қолдирдим? Агар хато қилсам нима бўлади?» Хаёлимга бошқа гап келмасди. Бу даҳшатли эди!

Бироқ бу ҳам менинг ҳаётимдаги энг яхши кунлардан бири бўлган.

Аста-секин босимга кўника бошладим, лекин шундай вазиятлар бўлардики, уни сўз билан ифодалаш қийин. «Реал»га келганимдан икки йил ўтгач, «Ювентус» билан Чемпионлар Лигаси финалида тўқнаш келишга тайёрланаётган эдик. «Реал»нинг ушбу мусобақада ғалабалар сони бўйича рекордчи ҳисобланиши кўпчиликка маълум. Аммо клуб 32 йилдан бери мусобақада ғалаба қозона олмаётган эди. Биз Ла Лигани зўрға эплаётган бўлсак, «Юве»нинг кетма-кет учинчи йил финалга чиқиши эди. Бу ўйинда «Реал» фаворит бўлмаган. Ўйин олдидан ҳеч биримиз ухлай олмадик. Одатда биз кечқурун соат 22:00 ларда ухлашга ётардик. Ўша куни эса тонги 4:00 гача меҳмонхонада ўтириб чиқдик. Бизда ҳеч қандай қўрқув бўлмаган, шунчаки «Ювентус»ни ҳурмат қилардик. Ўйин бошланишини эса сабрсизлик билан кутаётгандик.

Финалда биз яхши ўйин кўрсатдик. «Ювентус» жуда кўп имкониятларга эга бўлди, аммо биз 1:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Ғалаба учун нафақат маҳорат, балки мотивация ҳам керак бўлади. Биз уларга қараганда кўпроқ ғалаба қозонишни хоҳладик.

Фото: Getty Images

Кейин эса бизни Сибелес майдони кутиб кутарди. Кўчалардаги юз минглаб одамлар оқ рангли либосларда эди. Ҳамма байрам қиларди. Ўша оқшомни ҳеч қачон унутмайман. Бу «Реал»даги энг севимли лаҳзаларим. Мадридда қанча кўп вақт ўтказсангиз, мухлислар учун клубнинг қанчалик муҳимлигини тушунасиз. Уни нафақат мадридликлар, балки Испания ва бутун дунё яхши кўради. Қаерда ўйнашимиздан қатъи назар мухлисларимиз биз билан бирга бўларди. Эль-Класико бўладими ёки кичикроқ кубок учрашуви, бунинг фарқи бўлмаган — трибуналар ҳар доим тўла бўларди.

«Галактикос» даври нафақат мухлислар, балки футболчиларнинг ҳам ёдида узоқ вақтга қолса керак. Кийиниш хонасида «Олтин тўп» соҳибини, Испанияда йилнинг энг яхши ўйинчисини, Ла Лиганинг энг яхши тўпурари ва дунёнинг энг етук дарвозабонини кўришингиз мумкин эди. Ушбу жамоанинг бир қисми бўлиш эса инсонга ўзгача завқ бағишлайди. Қаерда ўсганим ва нималарга эришганим ҳақида ўйламаслигим мумкин эмасди. Аксинча, бундан ғурурланардим. Ахир олдиндан сизни ҳаёт қаерга улоқтиришини билмайсиз.

Биз Чемпионлар Лигасида яна икки бор (2000 ва 2002 йилларда) ғалаба қозондик. Барча тафсилотларни эслаб қолиш бироз мушкул. Боиси «Реал»да ўйнаган ҳар бир ўйинчи бугунги кун билан яшайди, чунки дам олишга вақт топиш имконсиз. Машғулотлар, уй ва сафар учрашувлари, меҳмонхоналар, ғалаба ҳамда мағлубиятлар...

Фақатгина «Реал» ўйинчиси бўлишдан тўхтаганимда, нималарга эришганимни тушуниб етдим.

Клубдаги сўнгги ўйиним 2007 йилнинг 17 июнида бўлиб ўтган. Мавсумнинг сўнгги ўйинида «Бернабеу»да «Мальорка»ни қабул қилишимиз керак эди. «Барселона» билан очколаримиз тенг бўлган, агар биз ҳам, улар ҳам ғалаба қозонадиган бўлса, ўзаро ўйинлар ҳисобигагина чемпионлик бизга насиб этарди. Аввалига ютқазаётгандик, аммо иккинчи бўлимда ҳаммаси изига тушди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Ажойиб ғалаба бўлганди!

Фото: AP Photo

Бироқ энг муҳими — мухлисларнинг менга қандай муносабатда бўлгани. Охирги ўйиним эканини ҳамма биларди. Дэвид Бекҳэм ҳам кетишга қарор қилганди. Меҳмонхонадан чиқишимиз билан бизни одамлар қуршаб олди. Ҳамма бизга омад тиларди.

«Имкон қадар тезроқ қайтиб кел!».

Ўша лаҳзаларда клуб учун нима қилганимни англадим.

Ўша лаҳзада мени қанчалик қадрлашларини тушундим.

Бу ҳаётимдаги энг ҳаяжонли кунлардан бири бўлган. Бу мадридликларнинг ҳамма нарсага илиқ муносабатда бўлиши ва иштиёқ билан яшашига мисол бўла олади. Шу боис ҳозир содир бўлаётган воқеалар мени хафа қилмоқда.

Аммо мен Мадрид ва бутун дунё аҳолисининг келажакка некбинлик билан қарашини хоҳлардим. Менинг фалсафам — муаммоларни табассум билан енгиш. Қаддингизни баланд тутинг ва олдинга қараб юринг. Ўзингизга ишонинг. Сабрли бўлинг. Хотиржамликни сақланг. Ўзгаларга ёрдам беришга интилинг.

Пандемиянинг ижобий томонларини ҳам кўряпман. Барчамиз инсон эканлигимизни, заифликларимиз эса бир хил эканини англаб етдик. Оила ва дўстларнинг қанчалик муҳимлигини ҳамда бир-биримизга муҳтож эканимизни тушуниб етдик. Бир оғиз ширин сўзнинг қадрига етяпмиз.

Биргаликда ишлашда давом этишимиз керак. Уйда қолиб, одатий турмуш тарзини имкон қадар тезроқ тиклаш учун курашишимиз зарур. Мен ҳам бошқалар каби, футболни соғиняпман, «Реал»нинг янги совринлар билан Сибелесга келишини интиқлик билан кутяпман.

Аммо ҳозир шунчаки, кўчаларда одамларни кўришни хоҳлайман. Айнан шунинг учун ҳам курашмоқдамиз.

Бошқа мақолалар:

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!

Изоҳ
Асосий янгиликлар