Аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқаролар карантин чораларининг юмшатилганини «касаллик тугади» деб, нотўғри қабул қилмоқда. Бу масалага Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни бўлиб видеоселектор йиғилишида тўхталиб ўтди.

«Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда», — деди Президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, «бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин».

Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни бўлиб ўтган видеоселекторда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлигини таъкидлаган, шунга мувофиқ ҳудудлар эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилган эди.

«Қизил» тоифадаги ҳудудларда чекловларнин аксарияти ўз кучини сақлаб қолган бўлса, «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда шароит нисбатан енгиллаштирилган эди. Хусусан, «яшил» ҳудудларда шахсий автотранспортда ҳаракатланиш бўйича чеклов тўлиқ бекор қилинган эди.

13 майдаги видеоселекторда эса Президент авиа ва темир йўл қатновларини аста-секин тиклаш ҳақида кўрсатма берган эди. Айни вақтда давлат раҳбари карантин ҳали тугамагани, «маскаларни ечишга ҳали ҳеч ким рухсат бермагани»ни таъкидлаб ўтган эди.

Маълумот учун, 26 май соат 17:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда 3281 та ҳолатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати аниқланган, беморларнинг 2627 нафари соғайган, 13 нафар бемор эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.

Сўнгги кунларда аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари сони кўпайгани боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини ҳушёрликни ошириш, эҳтиёт чораларини кўришга чақириб келмоқда.