Сардоба фалокати оқибатларини бартараф этиш ишлари доирасида олиб борилган қидирув ишлари вақтида катта ва кичик шохли 5 160 бош уй ҳайвони тирик ҳолда, 5 940 бош уй ҳайвони эса ўлик ҳолда топилган. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

Тирик қолган чорва моллари ҳар бир туманда белгиланган жойларга йиғилиб, 5 154 таси таниб олиш далолатномаси ва тилхатлар асосида ўз эгаларига қайтарилган.

Нобуд бўлган чорва моллари эса Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходимлари билан ҳамкорликда дезинфекция қилиб кўмилган.

Аввалроқ фалокат оқибатида 31 719 та уй ҳайвони (13 685 та йирик ва майда шохли қорамол, от, 17 752 та парранда ва 282 та бошқа) йўқолгани, 5 859 та ҳайвон ўлик ҳолда топилгани, 4 мингдан ортиқ уй ҳайвони эгаларига қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.