Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолаш шартлари бўйича видеоконференция орқали 5-тур музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, томонлар имтиёзли савдо тўғрисидаги битим Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил февраль ойида Туркияга амалга оширган ташрифи давомида икки мамлакатлар ҳукуматлари томонидан эришилган келишувларда белгиланганидек, ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга оширишнинг муҳим ва самарали воситаси эканлиги қайд этилди.
Битимни имзолашнинг мақсади икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари учун янада қулай савдо шароитларини яратиш орқали савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Хусусан, муайян буюмларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди ёки уларнинг ставкаси сезиларли даражада пасайтирилади.
Қайд этилишича, музокаралар ўтказилиши ишлаб чиқилган битим лойиҳаси моддаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш, шунингдек, ўзаро савдо операцияларида имтиёзли савдо режими қўлланилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон ва Туркияда ишлаб чиқарилган товарларнинг рўйхатларини батафсил ўрганиш имконини берди.
Шунингдек, битимнинг айрим бандлари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, улар асосида ҳужжатга тузатишлар киритилган.
Шу билан бирга, турк томони Туркия савдо вазирлиги Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши учун зарур техник ёрдам беришга, шу жумладан, демпингга қарши ва компенсация божларини, ҳимоя чораларини қўллаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини субсидиялаш механизмлари масалалари бўйича маслаҳат беришга тайёр эканлигини билдирган.
Изоҳ (0)