Андижонда «Ермулккадастр» давлат корхонаси Хўжаобод тумани филиали ходими фермердан 7800 доллар пора олаётганида ушланди. Воқеа ортидан филиал раҳбари ҳам ишдан олинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси масъулларининг маълумот беришича, Хўжаобод тумани «Ермулккадастр» давлат корхонаси мутахассиси Ж.И. фермер фойдаланиб келаётган ер майдонининг 10 гектарини унинг турмуш ўртоғи номига расмийлаштириб беришини ваъда қилган.

Шунингдек, ердан боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ҳоким қарорини чиқартириб бериши эвазига 10 минг доллар сўраган. Фермер аввалига кўнглидан чиқариб 1000 доллар берган. Бироқ кадастр ходими бунга кўнмаган. Натижада фермер тегишли органларга мурожаат қилган.

2020 йил 11 май куни Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси ҳамда ДХХ  билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Ж.И. фермер хўжалиги дала шийпонида ўзи талаб қилган пулнинг 7800 долларини олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Андижон вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан бошқарма бошлиғи раислигида филиалда коррупцияга қарши курашиш масаласида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишда юз берган ҳолат танқид қилиниб, филиалда коррупцияга қарши курашиш бўйича етарлича назорат ўрнатилмагани таъкидланган ва Хўжаобод тумани филиал раҳбари Ш. Абдураҳмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шунингдек, вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонаси раҳбари в.б. Д.Орзиевга бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғи билан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.