Фотогалерея: Сардоба фалокати оқибатларини бартараф қилиш бўйича ҳарбийлар томонидан амалга оширилаётган ишлар
Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати Сирдарёда Сардоба фалокати оқибатларини бартараф қилишда ҳарбийлар томонидан амалга оширилган ва қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Мудофаа вазирлигининг Марказий, Тошкент, Шарқий, Жануби-ғарбий махсус ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларидан 12 мингдан зиёд ҳарбий хизматчи ҳамда 1000 дан ортиқ ҳарбий ва махсус техника 2 майдан буён Сирдарё вилоятида Сардоба сув омборидаги тошқин оқибатларини бартараф қилиш ишларида иштирок этмоқда.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучларига қарашли 4 та ҳарбий вертолёт ёрдамида 270 га яқин парвоз амалга оширилиб, 196 нафар инсон ҳаёти қутқариб қолинди.
Ҳар бир округ кесимида маҳаллалар тақсимланиб, ҳарбий хизматчилар томонидан бир кунда 800 га яқин уйда тозалаш ва қисман таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, тошқин оқибатида ювиб кетилган кўприклар қайта тиклангунга қадар муҳандислик қўшинлари томонидан аҳоли яшаш пунктларини бир-бири билан боғлаш учун вақтинчалик 4 та анҳор устига сунъий кўприк, яъни пантон кўприги барпо этилган.
«Бугун маҳаллалардаги ҳаёт ўз изига тушаётганини кўриш мумкин», – деб ёзган ҳарбий журналист Ғайрат Мадраҳимов.
Изоҳ (0)