Бирлашган Араб Амирликларининг етти ёшли фуқароси Арчи Фитцжон икки ой чегаралар ёпилгани туфайли Британияда қолиб кетган онасисиз яшади, деб ёзади Esquire.
Шундан сўнг болакай амирга мурожаат қилиб, онасини қайтаришга ёрдам беришини сўрашга қарор қилди.
Арчи БААда онаси Жессика ва отаси Ричард билан бирга яшайди. Жессика март ойида отасининг дафн маросимида иштирок этиш учун Британияга кетишга мажбур бўлганди. Бу вақтда эса мамлакатлар коронавирус пандемияси туфайли ўз чегараларини ёпа бошлади ҳамда Жессика Англияда қолиб кетди.
Икки ой онасини кўрмаган Арчи ўзи яшайдиган Рас-ал-Хайма амирлиги амири Сауд бин Сақр ал-Қосимийга мактуб йўллашга қарор қилди.
Ўз мактубида бола «52 тунни онасисиз ўтказганини» ёзди. У, шунингдек, онаси қайтадиган кун акс этган суратни ҳам мактубга илова қилди.
Хат қандай қилиб амирга етказилган айтилмаган, бироқ бола мақсадига эришди. Сауд ибн Сақр ал-Қосимийни боланинг мактуби таъсирлантирган чоғи, у Жессикани оиласига қайтарди.
Бундан ташқари, шайх Арчига жавоб хати ҳам ёзди. «Мен сенинг жасур бола эканлигинг билан фахрланаман. Умид қиламанки, онангнинг уйга қайтиши сени табассум қилишга ундайди», — дейилади мактубда.
Жессика эндиликда 14 кунни карантинда ўтказади, бироқ ушбу ҳолат уни ташвишга солмаяпти.
Изоҳ (0)