«Барселона» ва «Интер» клублари собиқ ҳужумчиси Самюуэль Это’O бразилиялик Роналдони футбол тарихидаги энг яхши ҳужумчи деб атади.
«Тарихдаги энг яхши ҳужумчи? Ҳаммадан зўри Роналдо эди, феномен. Унга нисбатан улкан ҳурмат ва завқни ҳис қиламан. Кўпчилигимиз унинг даражасига яқинлашдик ва улар қаторига ўзимни ҳам қўшган бўлардим.
Айни дамдаги футболчилардан тажрибали Лионель Мессини танлаган бўлардим. Шунингдек, Килиан Мбаппе, у ёш ва яхши таассурот қолдирмоқда. Ўйлашимча, у яқин йиллар ичида дунё футболининг асосий юлдузига айланади», — дейди Это’O.
Эслатиб ўтамиз, Это’O ва Месси 2004—2009 йиллар оралиғида «Барселона»да бирга тўп сурган. Камерунлик ҳужумчи 2019 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган.
Роналдо фаолияти мобайнида «Крузейро», ПСВ, «Барселона», «Интер», «Милан» ва «Коринтианс» жамоаларида ҳаракат қилган. Бразилия терма жамоаси сафида 98 ўйин ўтказиб, 62 гол муаллифига айланган. У икки карра Жаҳон Чемпиони ва икки карра «Олтин тўп» соҳиби ҳисобланади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)