Барселона шаҳрида 8 май куни террорчилик гуруҳларига алоқадорликда гумон қилинган Марокаш фуқароси ҳибсга олинди.
La Sexta’нинг хабар қилишича, гумонланувчи шахс «Барселона» — «Реал» учрашуви куни «Камп Ноу» атрофига йиғилган мухлисларни ўлдирмоқчи бўлган. У бошқа ўйинларни ҳам кўриб чиққан, бироқ «Эль-Класико» асосий мақсади бўлган. Коронавирус пандемияси ва жорий қилинган карантин унинг режаларига тўсиқ бўлган.
Нашрда таъкидланишича, бу фуқаро ИШИД томонидан яратилган ва тарқатилган экстремистик руҳдаги видеороликларга қизиққан. Ўзининг ижтимоий тармоқлари орқали у террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаган ва ғарбга бўлган нафратини яширмаган. Полиция уни бир неча ой кузатиб борган. У карантин қоидаларини бузганидан сўнг қўлга олинган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)