Жорий йилнинг 14 май куни Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманлари ҳудудида кучли ёғингарчилик кузатилди, деб хабар бермоқда ФВВ матбуот хизмати.
Оқибатда «Оққўрғонлик», «Тинчлик», «Ҳамид Олимжон», «Улуғбек» ҳамда «Зиёкор» маҳаллаларида ёмғир сувлари тўпланиб, бир неча хонадонга сув кирган.
Қайд этилишича, Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 6 та ёнғин-қутқарув техникаси ҳамда 22 нафар қутқарувчилари томонидан хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатилиб, юзага келиши мумкин бўлган сув тошқини ҳамда бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинган.
Аввалроқ Зарафшондаги сел оқибатида камида 300 киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган ва интернетда ушбу ҳодисанинг видеоси тарқалганди. Ҳодиса оқибатида дала майдонлари, хонадонлар ва бошқа объектларга қанча зиён етгани маълум қилинган.
Шунингдек, Сурхондарёда ҳам ёғган кучли ёмғир оқибатида сув тошқини юзага келиши мумкинлиги сабабли 900 нафар фуқаро эвакуация қилинган, Бўстонлиқ туманида ҳам сел кузатилиб, унинг оқибатларини бартараф этишга 14 та махсус техника жалб этилгани хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 12—14 май кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали жанубий ҳудудлар устида шаклланган нам ҳаво оқими кириб келиши, кучли ёмғир ёғиши мумкинлиги, тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел келиши хавфи борлигидан огоҳлантирганди.
Изоҳ (0)