Германиянинг Роберт Кох институти мутахассислари Ўзбекистон коронавирус тарқалишидан келиб чиқиб жойларни турли даражадаги ҳудудларга бўлиш билан Ўзбекистон жуда тўғри стратегияни танлаганини билдирди. Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, бу ҳақда мутахассислар 13 май куни Миллий палата билан ўтказилган видеоконференция чоғида маълум қилган.

Фото: «Дарё»

Видеоконференцияда 50 га яқин мутахассислар иштирок этган бўлиб, эпидемия билан боғлиқ долзарб масалалар, жумладан, карантиндан чиқиш бўйича стратегиялар муҳокама қилинган.

Роберт Кох институтининг Халқаро соғлиқни сақлаш маркази (ZIG) бошлиғининг ўринбосари Андреас Янсеннинг таъкидлашича, карантиндан чиқиш унга киришдан ҳам машаққатлироқ. Ўзбекистон COVID-19 касаллиги тарқалишидан келиб чиқиб жойларни турли даражадаги ҳудудларга бўлиш билан жуда тўғри стратегияни танлади.

«Ҳудудларга бўлиш бўйича Европа давлатларида биз ҳам тажрибалар ўтказмоқдамиз, лекин бу Хитойда ҳам қўлланган чора эди – Хубэй провинциясида карантиннинг энг қатъий чоралари қўлланилганди», — дея қўшимча қилган Андреас Янсен.

Унинг айтишича, ҳудудлар учун аниқ индикаторлар бўлиши лозим. «Сариқ» ва «яшил» ҳудудларда аниқлаб бўлинган беморлар, шунингдек, мулоқотда бўлганларнинг текширилиши ўта муҳим. «Қизил» ҳудудларда карантин чекловларини кучайтириш бўйича чоралар кўриш лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳудудлар сўнгги икки ҳафтадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилмоқда. Хусусан, 14 кун ичида коронавирусга чалинган шахслар аниқланган ҳудудлар «қизил», коронавирусга чалинган шахслар аниқланмаган, бироқ касалликдан даволанаётганлар бўлган ҳудудлар «сариқ», 14 кун ичида коронавирусга чалинганлар аниқланмаган ва беморларнинг бари даволаниб бўлган ҳудудлар «яшил» тоифага киритилади.

Шавкат Мирзиеёв 13 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида эпидемиологик вазият туфайли чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилаётганига қарамай, ҳамон карантин тартиби амалда эканини таъкидлаб ўтди.