Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко COVID-19 юқтириб олган эркакларда касаллик аёлларга нисбатан оғирроқ ўтаётганлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра касалликнинг оғир шакли, асосан, кекса ёшли ва бошқа сурункали хасталиги бор одамларда кўпроқ учраган. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берган.
«Биз коронавирус келтириб чиқарадиган касалликнинг оғир шакли, асосан, 60 ёшдан ошган беморларда, шунингдек артериал гипертензия, қандли диабет, ортиқча вазн тўплаш каби сурункали хасталиги бор кишиларда кўпроқ учрашига гувоҳ бўляпмиз. Эркакларда касаллик аёлларга нисбатан оғирроқ ўтмоқда»,— деган Мурашко Россия президенти Владимир Путин ўтказган мажлисда.
Аввал вазирликнинг бош эпидемиологи Николай Брико коронавирусдан қайд этилаётган ўлимлар сони аёлларга нисбатан эркакларда икки баравар кўплигини маълум қилганди. АҚШ ҳамда Ғарбий Европадаги статистик маълумотларда ҳам аёлларга нисбатан эркакларнинг кўпроқ вафот этаётгани қайд қилинган.
2020 йил 6 май ҳолатига кўра охирги бир сутка ичида Россияда коронавирусга чалиниш бўйича 10 599 та янги ҳолат қайд этилган, мамлакатда инфекция билан касалланганларнинг умумий сони 165 минг нафардан ошган. Эпидемия бошланганидан бери 1537 нафар киши касаллик оқибатида вафот этган, 21 минг нафардан кўпроқ бемор COVID-19’дан тузалган.
Изоҳ (0)