2016 йилда вафот этгани маълум қилинган «Шальке-04» собиқ футболчиси Хианник Камбанинг тирик экани маълум бўлди, дея хабар қилмоқда Bild.
Таъкидланишича, Камба 2016 йилда Конгода содир бўлган автоҳалокатда вафот этгани расман тасдиқланганди. Бироқ бу маълумот ёлғон бўлиб чиқди, собиқ футболчи Гельзенкирхен шаҳридан тирик ҳолда топилган. Ҳозирда 33 ёшли Камба энергетика компанияларининг бирида кимёгар сифатида ишламоқда.
Прокуратура футболчининг собиқ рафиқасига нисбатан тергов иши қўзғаган. Маълум бўлишича, аёл собиқ турмуш ўртоғининг ўлгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этган ва бунинг эвазига суғурта компаниясидан катта миқдорда товон пули олган. Мазкур ҳужжатлар сохталаштирилгани тахмин қилинмоқда.
Камба «Шальке-04» тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2003—2007 йиллар мобайнида клубнинг ёшлар жамоасида тўп сурган. Шундан кейин у Германиянинг қуйи дивизион жамоаларига ўйнаган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!