«Барселона» клуби «Интер» ҳужумчиси Лаутаро Мартинес борасида навбатдаги таклифни юборди, дея хабар қилмоқда La Gazzetta dello Sport.
Унга кўра, каталонияликлар 80 миллион еврога қўшиб, уч нафар ҳимоячи — Нелсон Семеду, Хуниор Фирпо ва Жан-Клер Тодибони беришга тайёр. Миланликлар эса бу шартга рози бўлмаган. «Интер» аргентиналик футболчининг шартномасида кўрсатилган 111 миллион евро миқдоридаги товон пулидан камига кўниш ниятида эмас.
Вазият Мартинес Милан шаҳри клубида қолишига ишора қилмоқда. Клуб раҳбариятининг фикрича, Антонио Конте қўл остидаги яна бир мавсумда 22 ёшли футболчи ўзини кўрсатади ва унинг нархи янада ошади.
Жорий мавсум Лаутаро клуб миқёсида 31 ўйин ўтказиб, 16 гол ва тўртта самарали узатмага муаллиф бўлди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!