Самарқанд вилояти бюджетидан сардобаликлар учун 5 миллиард сўм ажратилди. Бу ҳақда 2 май куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг еттинчи сессиясида маълум қилинган, дея хабар беради «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Депутатлар ташаббуси билан ўтказилган сессияда Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши оқибатида юзага келган табиий офатдан талафот кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилган.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, кенгаш раиси, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов видеоселектор тарзидаги сессия қатнашчиларига Сардоба туманидаги воқеа, у ердаги бугунги вазият ҳақида ахборот берган.

«Сардобаликлар бизнинг биродарларимиз. Улар ёз мавсумида аҳолимизни полиз маҳсулотлари билан таъминлаб келди, — деди Эркинжон Турдимов. — Қолаверса, оғир кунда елкадош бўлиш халқимизга хос қадрият. Бу кўмакни аллақачон бошлаб юборган, ижтимоий тармоқлар орқали ва бошқа шаклларда жабрланганларга маънавий мадад бериб турган вилоятимиз зиёлилари ва аҳолисига миннатдорчилик билдираман».

Таъкидланишича, сессияда вилоят бюджетининг 2020 йил биринчи чоракдаги даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан сардобаликлар учун 5 миллард сўм пул бериш таклифи ўртага ташланган ва депутатлар томонидан маъқулланган.

Фото: «Дарё»

Самарқанд ҳокими ўринбосари Рустам Қобиловнинг қўшимча қилишича, вилоятдан Сардобага икки кунда 2 миллиард 759 миллион сўмлик маҳсулотлар етказилган. Нуробод тумани ҳокимлиги эса 100 бош қўй юборган.