Сардоба сув омбори дамбасида сув сизиб чиқиши оқибатларини бартараф этиш учун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлгани каби Сирдарё туманида ҳам эвакуация қилинган аҳолини кутиб олиш учун зарурий чоралар кўрилди.

Фото: Сирдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Сирдарё туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, айни дамда тумандаги «Деҳқонобод», «Бахмал», «Тинчлик», «Хазина», «Ишонч», «Тадбиркор», «Орзу», «Аҳиллик», «Туркистон» МФЙларида истиқомат қилувчи фуқаролар 1400 дан зиёд эвакуация қилинган аҳолига ўз уйларидан бошпана ажратмоқда.

Фото: Сирдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, тумандаги 525 ҳарбий қисмда 500 ўринли, Бахт шаҳар енгил-саноат коллежи биносида 200 ўринли ётоқ жойлари тайёрланиб, эвакуация қилинаётган аҳолини жойлаш режалаштирилган.

Фото: Сирдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келганди. Оқибатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Сув омбори тўғони бузилиб, сув тошиб чиқишига кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлган.