Франция соғлиқни сақлаш вазирлиги Оливье Веран мамлакатда болалар ўртасида жуда кам учрайдиган яллиғланиш синдроми кузатилаётганлигини ва бунинг COVID-19’га алоқаси бор ёки йўқлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқлигини маълум қилди.

Фото: Unicef

Аввал Буюк Британия соғлиқни сақлаш миллий тизими вакиллари (NHS) Франциядаги шифокорларга болаларнинг кўп тизимли яллиғланиш ҳолатида жонлантириш бўлимларига ётқизилаётганини, уларда қоринда оғриқлар кузатилаётгани, юракда муаммолар борлиги ва бу коронавирус билан боғлиқлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Веран бу ҳақда парижлик шифокорлардан хабарнома олганини қайд этди.

«15 нафарга яқин болада иситма чиқиши, овқат ҳазм қилишда муаммолар ва ичаклар яллиғланиши синдроми кузатилмоқда, бу беморларда юрак етишмовчилигини чақириши мумкин», – дея Веран сўзларини келтиради France Info.

«Билишимча касалланган болаларнинг ҳеч бири ушбу асоратлар оқибатида вафот этмаган, касаллик белгилари аввал жуда кам учраган, улар оқибатида юрак касалликлари, хусусан, миокардит келиб чиқиши мумкин», – деган вазир.

Унинг сўзларига кўра, Франция ва Буюк Британияда айрим болалар коронавирус ташувчиларига айланиб қолган.

«Ушбу вазиятга жуда жиддий қарайман. Франциядаги ва хориждаги барча тиббиёт соҳаси вакиллари, олимларга мурожаат қиламан ва улардан бу борада кўмак сўрайман. Эҳтимол, аввал учрамаган ушбу касаллик белгилари уларда ҳам кузатилгандир, бу коронавирусга алоқадор ёки алоқадор эмаслиги борасида маълумотлар бордир», – дея таъкидлаган Веран.