Бухоро вилоятига 27 апрель оқшомида Туркманистондан кучли шамол ёпирилди. Илгари кузатилмаган бундай табиий офатдан энг кўп қўшни мамлакат билан чегарада жойлашган Олот ва Қоракўл туманлари жабр кўрди, хусусан, электр таъминотида давомли узилиш юзага келди. Бу эса ҳудуд аҳолисининг ахборот масаласида ташқи дунёдан узилиб қолишига, оқибатда асоссиз ҳамда ваҳимали миш-мишлар таъсирида ҳаракат қилишига сабаб бўлди. Коронавирус карантини даврини ўзи туғилиб ўсган Қоракўл туманида ўтказаётган «Дарё» журналисти, таниқли блогер Феруз Муҳаммад айни воқеалар марказида бўлди.

Фото: «Дарё»

Феруз Муҳаммаднинг таъкидлашича, 27 апрель оқшомида ёмғир аралаш кучли шамол (довул) ёпирилгач, соат 20:17 да электр таъминоти узилган. «Агар ҳозир қайта уланмаган бўлса, кеча узилганидан қир томон йўлга чиққунимизгача ҳам электр йўқ эди. Электр йўқлиги сабаб на мобил алоқа, на интернет, на бошқаси ишлади», — деди у соат 19:00 да «Дарё» муҳаррирлари билан суҳбатда.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

У 28 апрель куни тушдан сўнг маҳалладошлари билан бирга Қоракўлдаги Замонбобо қирига чиққан; бу ерга одамлар шахсий автомобилларида, юк машиналарида ва ҳатто трактор тиркамаларида гуруҳ-гуруҳ бўлиб «оқиб келган». «Қирга келганимиздагина телефон ишлади. Шунда ҳам ҳаммада эмас», — деди Феруз. Айтишича, одамлар тепаликка тошқин ҳақидаги миш-мишлар сабаб келган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Телефонда алоқа пайдо бўлгач, Феруз ҳам вилоят, ҳам туман фавқулодда вазиятлар идоралари билан боғланган. «Униси ҳам, буниси ҳам тошқин ҳақидаги гап-сўзларни асоссиз маълумот деди. Туман ФВБ вакили ‘биз ҳаммаёққа маълумот юборганмиз’ деди, лекин бу ерга одамлар айнан бехабарликдан, тошқин ҳақидаги миш-мишга ишониб келди ва келяпти», — деди у.

Ўзини ҳокимият вакили деб таништирган одам трактор устига чиқиб, Замонбобо қиридаги одамларни тинчлантирмоқда.

Фото: «Дарё»

Феруз Муҳаммад соат 18:00 дан кейин масъуллар пайдо бўлгани, ўзини ҳокимлик вакили деб таништирган шахс трактор устига чиқиб, миш-мишларни рад этганини, шундан сўнг одамлар аста-секин тарқала бошлаганини таъкидлади. Қайд этиш жоиз, деярли шу вақтда вилоят ҳокимлиги ҳам, республика ФВВ ҳам тошқин ва эвакуация ҳақидаги хабарларни рад этиб чиқди.

Замонбобо қирини одамлар енгил машинада тарк этмоқда.

Фото: «Дарё»

Замонбобо қирини трактор тиркамасида тарк этаётган одамлар.

Фото: «Дарё»

Қоракўлда бўлиб турган (ва карантин охиригача ўша ерда қоладиган) «Дарё» журналистининг таъкидлашича, агар одамлар ҳақиқий аҳволдан бироз бўлса-да хабардор бўлганида, улар ҳеч бўлмаса, бирламчи ахборот билан таъминланганида эди, асоссиз миш-мишлар ҳам тарқалмас, аҳоли ваҳимада уй-жойини ташлаб йўлга ҳам чиқмас эди.

«Дарё» изоҳи: Ушбу материал тайёр бўлгач, соат 20:00 да таҳририят Замонбобо қиридан уйи томон йўлга чиққан Феруз Муҳаммад билан яна бир бор боғланишга уринди. Лекин бу вақтда унинг телефони яна тармоқдан ташқарида эди.