КХДР Давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин тирик ва соппа-соғ. Бу ҳақда Жанубий Корея президентининг маслаҳатчиси Мун Чжон Инга таяниб, CNN хабар берди.

Фото: Reuters

«У 13 апрелдан буён Вонсанда. Ҳозирча ҳеч қандай шубҳали ҳаракатлар қайд этилмади», — дейди Мун Чжон Ин.

Аввалроқ CNN телеканали АҚШ КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг соғлиғи жарроҳлик амалиётидан сўнг ёмонлашгани тўғрисидаги разведка маълумотларини ўрганаётганини маълум қилганди. Daily NK’нинг ёзишича, Ким Чен Инда 12 апрель куни юрак-қон томир тизимига боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп Ким Чен Иннинг соғлиғи ёмонлашгани тўғрисидаги маълумотлар хато эканлигини билдириб, CNN’га доим ҳам ишонавермаслигини айтган.

26 апрель куни эса КХДРда Ким Чен Иннинг ўлими тўғрисидаги хабарлар фонида унинг номидан баёнот эълон қилинди. Пхенянда саросима бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, Шимолий Кореяда 2019 йилдан буён ҳокимиятни топшириш учун фавқулодда режа тайёрланмоқда. Мамлакат тепасига амалдаги раҳбар Ким Чен Иннинг ўрнига унинг синглиси Ким Ё Чжон келиши мумкин.