Мудофаа вазирлигига қарашли вертолётда шифохонага олиб борилган деҳқонободлик аёл ўғил фарзандли бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, аёл фарзандини жарроҳлик амалиёти ёрдамида дунёга келтирган.
«Чақалоқ 17 апрель куни кечки пайт туғилди, — дейди вилоят перинатал маркази директори Мавлуда Норқулова. — Ҳозирда она ва боланинг аҳволи жуда яхши».
Мавлуда Норқулованинг айтишича, перинатал маркази шифокорлари ҳам кеча Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари билан бирга ҳудудга борган.
«Вақтдан ютқазмаслик мақсадида кеча Деҳқонободга шифокорларимиз ҳам боришганди. Вазият тақозо қилса, ўша ернинг ўзида ёрдам кўрсатишни мўлжаллагандик. Аммо аёл шифохонага бемалол етиб келди», — дейди Мавлуда Норқулова.
Эслатиб ўтамиз, Деҳқонобод тумани марказидан 180 километр узоқликдаги Шахшор қишлоғида яшовчи 21 ёшли ҳомиладор аёл Ҳулкар Нормўминованинг тоби қочиб, эрта туғруқ ҳолати кузатилгани учун 16 апрель куни вертолётда шифохонага олиб борилганди.
Изоҳ (0)